Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Embraer 190 Azerbaijan Airlines (AZAL) самолёти экипаж аъзолари ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан учрашувда яна бир бор ушбу авиаҳалокатда одамлар ҳалок бўлишида «Россия Федерацияси вакиллари» айбдор эканини айтди ва Россиядан айбдорларни жазолашни, терговнинг шаффофлигини ва «инсоний хулқ-атвор»ни талаб қилди. Учрашув 6 январь куни бўлиб ўтди, Алиевнинг нутқи матни Озарбайжон етакчисининг сайтида эълон қилинди.
«Ишонч билан айтишим мумкинки, ушбу фалокатда Озарбайжон фуқароларининг ҳалок бўлишига Россия Федерацияси вакиллари айбдор. Биз адолатни талаб қиламиз, айбдорларни жазолашни талаб қиламиз, тўлиқ шаффофлик ва инсоний хулқ-атворни талаб қиламиз», — деди Алиев.
«Россия давлат тузилмаларининг ушбу можарони бостириш ва бемаъни версияларга уринишлари бизда ҳайрат, афсус ва ҳақли ғазабни уйғотмоқда. Бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди», — дея қўшимча қилди у.
Озарбайжон раҳбарининг сўзларига кўра, Грознийдаги операция Embraer 190 самолёти ердан ўққа тутилгандан кейин эълон қилинган. «Бу яна бир бор шуни кўрсатадики, бу ерда жиноят таркибига эга бўлган жуда жиддий масалалар мавжуд… Агар Россия ҳаво ҳудудига таҳдид бўлса, у ҳолда самолёт капитани бу ҳақда зудлик билан хабардор қилиниши керак эди. Самовий ҳудуд зудлик билан ёпилиши ва самолёт орқага қайтиши керак эди», — деди Алиев.
Унинг таъкидлашича, трагедиядан 10 кун олдин, Грознийга учаётган AZAL авиакомпанияси самолёти осмон ҳудуди ёпилганидан сўнг ярим йўлда ортга қайтганида ҳам шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлган.
«Нима учун бу сафар самолёт экипажи огоҳлантирилмади… Нима учун самолёт Ақтувга жўнатилди… Бу маҳаллий диспетчерларнинг қарори билан содир бўлдими ёки учувчилар Россия ҳаво ҳудудидаги радиоэлектрон кураш воситалари энди уларга қўнишга имкон бермаслигини англаб, ўзлари шундай танловни амалга оширдими?» — деди Алиев.
Унинг қўшимча қилишича, Озарбайжонда ҳозир бу ҳақда маълумот йўқ, лекин у «қора қутилар» очилгандан кейин ойдинлашади.
Алиевнинг аниқлик киритишича, Озарбайжоннинг қистови билан «қора қутилар»ни очиш жараёни Бразилияда олиб борилмоқда (Embraer — Бразилиянинг авиасозлик компанияси — таҳр.). Унинг сўзларига кўра, Боку ташкилотнинг холислигига шубҳа қилгани учун Давлатлараро авиация қўмитаси (МДҲ тузилмаси — таҳр.)нинг терговда иштирок этишига «қатъий» қарши бўлган.
«Биз бу ишни бостириш, буни қандайдир қушлар ёки газ баллонининг портлашига йўйиш уринишларини кўрганимизда, табиийки, мен ва Озарбайжон жамоатчилигида ушбу тузилма томонидан терговнинг холислигига шубҳалар етарли даражада жиддий эди», — деди Алиев.
У Озарбайжон ҳукумати авиаҳалокат бўйича терговни «охиригача» олиб боришга ваъда берди.
- 25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида AZAL авиакомпаниясининг Embraer 190 самолёти ҳалокатга учради. Самолёт бортида 67 киши (шу жумладан, беш нафар экипаж аъзоси) бўлган — 38 киши ҳалок бўлган, 29 киши тирик қолган. Йўловчилар орасида Озарбайжон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бор эди.
- Россия президенти Владимир Путин 28 декабрь куни Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, «фожиали воқеа» учун узр сўради, аммо Россия томонининг бу ишдаги масъулиятини тан олмади.
- 29 декабрь куни Embraer 190 экипажининг ҳалок бўлган аъзолари билан хайрлашиш маросимида Алиев самолёт «бир сўз билан айтганда» «Россия томонидан уриб туширилганини» айтди ва Россия расмийларидан айбини тан олишни, айбдорларни жазолашни ва жабрланганларга товон тўлашни талаб қилди.