Ҳуқуқ-тартибот идоралари тезкор тадбирлари давомида Ҳаж ва Умра зиёратлари билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди ЎзА.

Жумладан, Наманган шаҳрида яшовчи О.С. (1966 й.т.) фуқаро ҳамда унинг онасини туризм йўналишида фаолият юритувчи МЧЖ орқали 2025 йилги Ҳаж мавсумида Саудия Арабистонига юбориш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси таъсисчиси Ғ.А. тегишли лицензияга эга бўлмаса-да, Сирдарё туманида яшовчи фуқаро ва унинг 4 нафар қариндошини Умра зиёратига юбориш эвазига 6000 доллар талаб қилган. У олдиндан 400 доллар ва 1,3 млн сўм олган вақтида қўлга тушди.

Бундай ноқонуний ҳолатлар Сурхондарё вилоятида ҳам қайд этилди. Хусусан, Сариосиё туманидаги сайёҳлик фирмаси ишчиси Д.Р. ҳеч қандай ваколати бўлмай туриб, Умрага юбориш эвазига 1100 доллар ва 200 минг сўм олган.

Денов шаҳридаги сайёҳлик фирмаси раҳбари Ш.Қ. ҳам шу хизмат учун 1000 доллар ва 1 млн 280 минг сўм олган вақтида ушланган. Бундан ташқари, Денов туманида яшовчи Х.Н. (1990 й.т.) фуқарога ўзи ишлаётган сайёҳлик йўналишидаги МЧЖ орқали Умрага бориш учун имтиёзли йўлланмаси борлигини айтиб, Саудия Арабистонига зиёратга юбориш эвазига 1200 доллар ва 650 минг сўм олган вақтида қўлга олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.