Андижон вилояти Марҳамат туманидаги хонадонда 3 январь куни газ чақнади, оқибатда бир киши вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, соат 03:00 атрофида Шомат маҳалласи Ипак йўли кўчасида яшовчи фуқаро Х.Шокиров хонадонининг ётоқхона қисмида қўлбола усулда қурилган иситиш печини ёқмоқчи бўлиб, гугурт чаққан вақтида хонага тўпланган табиий газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш юз берган.

Оқибатда ушбу хонада бўлган Х.Шокиров танасининг 90 фоизи, турмуш ўртоғи Л.Шокирова танасининг 35−40 фоизи, ўғли Ж.Хамзаев танасининг 20−30 фоизи, қизи Х.Хамзаева танасининг 70 фоизи қисми куйиш ташхиси билан туман ШТТЁБга ётқизилган.

Ҳодиса жойига туман прокурори в.б М.А.Камолдинов, туман прокуратураси терговчиси И.Ш.Халимов, туман ИИБ бошлиғи, туман фавқулодда вазиятлар бўлими, Марҳамат туман газ таъминоти филиали масъул шахслари ва тезкор тергов гуруҳи чиқиб просессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирда жабрланувчилардан Х.Шокиров ва унинг ўғли Ж.Хамзаевлар туман ШТТЁбда даволанаётган бўлса, Л.Шокирова Андижон шаҳрида жойлашган РШТТЁИАМда даволанмоқда ва жабрланганлардан вояга етмаган Х.Хамзаева олиб борилган тиббий муолажаларга қарамасдан 4 январь куни вафот этган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва сифатли олиб борилишини таъминлаш мақсадида туман прокуратураси томонидан жабрланувчиларга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.