Нью Йорк АҚШнинг ҳайдовчилар тиғиз вақтларда марказий кўчаларда йўл ҳақи тўлайдиган биринчи шаҳри бўлди, деб хабар берди NBC News. Шаҳар ҳукумати шу тариқа мегаполисдаги тирбандлик муаммосини ҳал этиш ва жамоат транспорти тизимини ривожлантириш учун маблағ йиғишни мўлжалламоқда.
Дастур 5 январь куни тушдан кейин ишга туширилди. «Тирбандликларни камайтириш зонаси» бутун Манҳеттен ишбилармонлик ҳудудини — 60-кўчадан то Молия округининг жанубигача қамраб олади. Шаҳарнинг ушбу қисмига кириш нархи аксарият транспорт воситалари учун иш кунлари соат 5:00 дан 21:00 гача ва дам олиш кунлари соат 9:00 дан 21:00 гача 9 долларни ташкил қилади. Юклама камроқ соатларда эса 2,25 доллар.
Кичик юк машиналари ва автобуслар ҳайдовчилари учун тариф 14,40 доллар, йирик автомобиллар ва туристик автобуслар учун 21,60 доллар миқдорида назарда тутилган.
Тўлов кунига бир марта амалга оширилади. Фавқулодда ва давлат транспорт воситалари, мактаб ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобуслар, кам даромадли ҳайдовчилар, шунингдек, жамоат транспортидан фойдаланишга имкон бермайдиган тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганлар бундан мустасно.
Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, дастурнинг амал қилиши натижасида шаҳар марказида автомобиллар сони 10 фоизга камаяди.
АҚШнинг сайланган президенти ва Нью Йоркда туғилган Дональд Трамп 20 январь куни ўз лавозимини эгаллаши биланоқ схемани бекор қилишга ваъда берди.