«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 1 февралдан мамлакат ичида айрим поездлар чипталари нархи яна оширилишини маълум қилди.

Нархларнинг ўсиши қуйидагича бўлади:

  • юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поезди: эконом-класс чипталари — 20 фоизга, ВИП ва бизнес-класс чипталари — 25 фоизга;
  • «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» тезюрар поездлари — 30 фоизга.

Шундай қилиб, «Афросиёб» учун чипталар нархи:

Тошкент — Самарқанд:

  • Эконом — 294 минг сўм;
  • Бизнес — 450 минг сўм;
  • ВИП — 619 минг сўм.

Тошкент — Қарши:

  • Эконом — 406 минг сўм;
  • Бизнес — 634 минг сўм;
  • ВИП — 854 минг сўм.

Тошкент — Бухоро:

  • Эконом — 484 минг сўм;
  • Бизнес — 751 минг сўм;
  • ВИП — 994 минг сўм.

Компаниянинг таъкидлашича, нархлар темирйўл инфратузилмаси харажатлари, электр, ёқилғи ва транспорт харажатларини қоплаш, юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш, вокзаллар фаолиятини замонавий талабларига мувофиқ олиб бориш ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 10 октябрдаги президентнинг темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилишга оид қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб тезюрар ва юқори тезликдаги поездларда йўловчи ташиш хизматлари учун давлат тарифлари бошқаруви амалиёти тугатилган ва уларни бозор тамойиллари асосида бошқариш механизми жорий этилганди.

Ўшандан бери тарифлар бир неча бор, хусусан, 2023 йил 1 ноябрдан, 2024 йил 20 январдан ва 2024 йил 15 майдан кўтарилганди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида илгаризарар билан ишлаган «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 2024 йилда 30 млрд сўм фойда билан чиқиши кераклиги маълум қилинган эди.