Ижтимоий тармоқларда Республика педиатрия маркази бемор болалар билан тўлгани, уларнинг бир қисми янги вирусга чалингани айтилган хабарлар тарқалмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ушбу хабарларни рад этиб, ҳолатга изоҳ берди.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардаги болаларнинг метапневмовирусга чалингани хусусидаги маълумотлар мутлақо асоссиз. Гап шундаки, Янги йил арафасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг жами бешта — Чақалоқларни парвариш қилиш, Чақалоқлар патологияси ва реанимацияси, Гепатология, Нефрология ҳамда Умумий педиатрия бўлимларида профилактик ювиш-тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган», — дейилади ССВ хабарида.
Қайд этилишича, мазкур бўлимларнинг барчаси 6 январь кунидан қайта очилган ва бу ҳолат табиий равишда беморлар оқими нисбатан ортишига сабаб бўлган.
«Қолаверса, марказ ижтимоий тармоқлардаги хабарларда қайд этилган юқумли касалликларга чалинган беморларни қабул қилиш ва даволашга ихтисослаштирилмаган. Шундай экан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз ва текширилмаган хабарлар тарқатмасликни сўрайди», — дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик аввалроқ метапневмовирус янги вирус эмаслигини, у билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратсиз тузалиб кетишини маълум қилганди.