Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Ўзбекистонда 6−9 январь кунлари об-ҳавосини Каспий денгизи орқали кириб келаётган циклон ва унинг ортидан кузатиладиган антициклон белгилаб, 6−7 январь кунлари шимолда ёмғир-қор, 8 январга ўтар кечаси баъзи вилоятларда қор ёғиши кутиляпти. Ушбу нам ҳаво оқимидан сўнг ҳудудларга кириб келиши кутилаётган антициклон 7−9 январь кунлари ҳаво ҳарорати тунда шимол ва тоғларда -10 даражагача, бошқа вилоятларда эса −5…−7 даражагача паст бўлишига сабаб бўлади.
Шу тариқа, Ўзбекистонда ҳафтанинг душанба ва дам олиш кунлари илиқроқ, ҳафта ўрталарида совуқ ҳарорат кузатилиши кутилмоқда. Ҳафта давомида Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларидан бошқа ҳудудларга ёғингарчилик жуда кам тушиши, кўплаб вилоятларда умуман ёғингарчилик бўлмаслиги прогноз қилинган.
Сешанба-пайшанба кунлари юқори босимли совуқроқ ҳаво оқими таъсирида жойлардаги ҳарорат пасайишини аҳоли ўз танасида ҳис қилади. Жорий чоршанба ҳафтанинг энг совуқ куни бўлиши прогноз қилинган — бу куни Ўзбекистоннинг катта қисмида кундузи ҳам нари-бериси билан ҳарорат ноль атрофидаги муҳитни улашади.
Чоршанба-пайшанба кунлари кундузи қуёшли очиқ ҳаво кузатилса-да, унинг тафтини ҳис қилиш пастлигича қолади. Чоршанбага ўтар кечаси баъзи вилоятларда қор ёғиши кутилмоқда. Ҳафта охирларига бориб, минтақага жанубдан илиқ ҳаво оқимининг кириб келиши ҳудудларда ҳароратнинг яна аста-секин юқори кўтарилишига олиб келиши прогноз қилинган.
Душанба куни нам ва илиқ ҳаво оқими ҳудудларда ҳароратнинг +12 даража, жанубий вилоятларда +15 даражагача кўтарилишини таъминлайди. Ушбу илиқлиликка ўхшаш об-ҳаво муҳити дам олиш кунлари минтақага яна қайтади.
Сешанба ва пайшанба кундуз кунлари кўплаб ҳудудларда шамол тезлиги сониясига 23 метргача кучайиши, ҳафта давомида жойларга туман тушиши, айрим вилоятларда булдуруқ ва яхмалак ҳодисалари бўлиши тахмин қилинмоқда. Чоршанбага ўтар кечаси Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилояти аҳолиси мавсум учун навбатдаги қор бўрони ҳодисаларига гувоҳ бўлиши эҳтимоли бор.
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 6 январь куни жойларда илиқроқ ҳарорат кузатилади. Ҳаво ҳарорати Ўзбекистон бўйлаб кундуз куни +7…+12 даража илиққача, жанубий вилоятларда +15 даражагача етади. Тоғларда эса +0…+5 даража илиқни ташкил этади. Тунда республиканинг катта қисмида ҳарорат ноль даража атрофида бўлса, тоғлар ва шимолда −5…−7 даража совуққача пасаяди.
Ҳудудларда кундуз куни ёғингарчилик деярли кузатилмайди. Фақат тонгги муддатларда Фарғона водийси вилоятларида, кундузи тоғларда, кечга томон шимолий ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир-қор) бўлиши эҳтимоли бор. Жойларга туман тушиши мумкин.
Синоптиклар 7−9 январь кунлари Ўзбекистоннинг аксарият қисмида ёғингарчиликсиз қуруқ об-ҳаво бўлишини прогноз қилган. Сешанба куни шимолда, чоршанбага ўтар кечаси ва чоршанба куни Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда тоғларда ёғингарчилик (асосан қор) бўлиши маълум қилинган.
Бу кунларда антициклоннинг Ўзбекистонга чуқур таъсир этиши фонида жойларда ҳарорат сезиларли пасайиб боради. Сешанба куни шимолий ҳудудлар ва тоғлардан ташқари бошқа жойларда тунда ҳам ноль даража атрофидаги совуқ кузатилса, чоршанба ва пайшанба кунлари ҳарорат нафақат тунда, балки кундузи ҳам пасайиб кетади. Чоршанба ва пайшанба тунлари жанубий вилоятлардан бошқа барча ҳудудларда −7…−10 даражагача пасаяди. Бу кунларда кундузи ҳарорат -3 даража совуқдан +5 даража илиққача, жанубда +8 даража илиққача ўзгаради.
Бу кунларда ҳудудларга туман тушиши мумкин, сешанба ва пайшанба кунлари ҳудудларда (водий вилоятларидан ташқари) кучли шамол ҳодисалари бўлиши прогноз қилинмоқда. Ҳатто шамол тезлиги айрим вилоятларда сониясига 18−23 метргача кучайиши прогноз қилинган. Бундай беқарор об-ҳаво муҳитида жойларга туман тушиши, қор ёққан ҳудудларда эса қордан сўнг яхмалак ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат фонида аста-секин сезиларли ўсиш кузатилади. Буни кишилар ҳам ўз танида ҳис қила бошлайди. Ушбу кунлари ёғингарчиликсиз об-ҳаво муҳити кузатилади. Дам олиш кунлари эса кундуз куни анча юқори ҳарорат кутилади.
Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Глобал комплекс прогноз тизиминингпрогнозларига кўра, ҳафта давомида Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидан ташқари бошқа жойларида анча қуруқ об-ҳаво бўлиши эълон қилинган.
Манба: GEFS
Шундай қилиб, келаётган ҳафта боши ва дам олиш кунларида ҳаво илиқроқ, ўртасида совуқроқ бўлиши кутилмоқда.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Душанба-сешанба кунлари Ўзбекистондан марказида атмосфера босими 1020 гПа гача бўлган циклон ўтиши кузатилади, кейинроқ, чоршанба-пайшанба кунларида марказида атмосфера босими 1045 гПа гача бўлган совуқ антициклон жараёни ҳудудлардан ўтади. Ушбу жараён кишилар саломатлигига сезиларли таъсир қилиши мумкин.
Айниқса, чоршанба ва пайшанба кунлари антициклонал таъсир об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатлигида ўзгаришлар кузатилишига олиб келади. Юқори атмосфера босими аҳоли соғлиғига, айниқса, аллергик, астматик ҳамда қон босими хасталиклари билан оғриётган кишиларга сезиларли таъсир қилиши мумкин. Антицилонал жараённи инсон саломатлигига таъсири олдини олишда олдинги материаллардаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ.
Жума кунидан антициклоннинг тарк этиши ҳудудларга илиқроқ ҳавонинг кириб келаётганига «ишора» беради.
Сешанба ва пайшанба кунлари ҳаво оқимларининг жой алмашинуви фонида кўплаб ҳудудларда тезлиги сониясига 23 метргача етадиган шамоллар кузатилиши кутилмоқда. Бу вақтда «барик тубсизлик» жараёнининг ўртача даражаси рўй бериб, баъзи кишилар ушбу ўзгаришдан ҳам таъсирланиши мумкин.
«Барик тубсизлик»нинг энг кўп учрайдиган аломатлари — бош айланиши, бош оғриғи, фотофобия, ҳаво етишмаслиги, кўнгил айниши ва қон босимининг кўтарилиши ёки пасайишидир. Кўрсатилган санада мия қон оқимининг бузилиши, гипертония, юрак хуружи хавфи ортиши мумкин.
Тавсиялар. «Барик тубсизлик» ҳолатида оқилона иш ва дам олиш режимига риоя қилиш, стрессли ва ортиқча жисмоний фаолиятдан қочиш, уйқу режимига риоя қилиш тавсия этилади. Қаҳва, чой ва шакарли ичимликлардан кўра тоза газсиз сув, умуман, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш муҳим.
Биоиқлимий шароитлар
Душанба ва якшанба кунлари Ўзбекистон аҳолиси гўёки баҳор бошидаги ёқимли илиқ об-ҳаво муҳитига гувоҳи бўлади.
Аммо шимолда сешанба-пайшанба, бошқа ҳудудларда чоршанба-пайшанба кунлари оралиғида антициклонал қуруқ об-ҳаво таъсирида ҳароратнинг пасайиши одамлар ҳис қиладиган ҳароратни ҳам пасайтиради. Бу кунларда қалинроқ кийиниш тавсия этилади. Умуман, бу ҳафтада кишилар танаси, физиологиясида кучли совуқлик стрессларини келтириб чиқарадиган об-ҳаво муҳити кузатилмайди.
Чоршанбага ўтар кечаси Тошкент вилояти аҳолиси навбатдаги қор ҳодисаларидан эстетик завқ олишлари мумкин.
Космик таъсирлар
Ўзбекистонликлар ҳафтанинг уч иш кунида «сариқ» даражали магнит бўрони қўзғалишларига гувоҳ бўлишлари мумкин. Қуёшда ўтган ҳафта тинимсиз кучли чақнашлардан ажралиб чиққан плазмалар қуёш шамоллари орқали Ер магнитосферасига урилишда давом этмоқда. Хусусан, 4 январь куни ҳам 3 та Х синфли чақнашлардан бирининг плазма чет қисми душанба куни Ерга етиб келиши прогноз қилинган.
Манба: xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли душанба, чоршанба ва пайшанба кунлари 3−4 баллик «сариқ» хавф даражасига эга магнит бўрони қўзғалишларини ҳис қилишлари мумкинлиги келтирилган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Сешанба куни нам ҳаво оқимларининг ҳудудларга кириб келишидан олдин жойларда пастдан юқорига кўтарилувчи куч ҳисобига ҳавода ифлосланиш ортиши мумкин. Чоршанба-пайшанба кунлари антициклонал жараёнлар ҳам ҳавода майда заррачаларнинг тарқалиши учун қулай муҳитни юзага келтиради. Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида антициклонал жараён таъсирида Қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг кузатиладиган инверсия фонида ҳавода сув буғининг тўйиниши, хиралик (туман, ғубор ҳодисалари), унинг ортидан ҳавода бироз ифлосланиши юзага келиши мумкин. Сешанба ва пайшанба кунлари эса айрим ҳудудларда кучли шамолларнинг эсиши, чанг массаларининг қисқа муддат ҳавога кўтаришига олиб келиши мумкин. Аммо, ҳозирги мавсумдан келиб чиқиб, бу узоқ давом этувчи чанг тўзони ва чанг бўрони ҳодисаларига айланмайди.
Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, 6 январдан 12 январгача бўлган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар шанба-якшанба кунлари бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.