Ўзбекистондаги вазирлик, идора ва ҳокимликларга «тежамкорлик ва барқарорликни таъминлаш» тамойили асосида 2025 йилда бюджет маблағларини тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича барча зарур чораларни кўриш топширилди. Бу президентнинг 25 декабрдаги «Давлат бюджетининг 2025 йил ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.
Бюджет тақчиллигининг чекланган даражасидан ошиб кетишига олиб келиши мумкин бўлган қўшимча харажатларга (бу йил ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдорида белгиланган) фақат қўшимча даромадлар мавжуд бўлганда ёки харажатларнинг бошқа бандларини қисқартириш ҳисобига рухсат берилади.
Шу билан бирга, давлат органларига маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан бошқарув ходимларининг иш ҳақини ошириш (энг кам иш ҳақини оширишдан ташқари), хизмат автомобилларини сотиб олиш (махсус транспорт воситаларидан ташқари), қимматбаҳо юмшоқ мебель ва офис жиҳозларини сотиб олиш (бундан таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари мустасно) бўйича таклифлар киритиш тақиқланади.
Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағларидан хизмат автомобиллари, қимматбаҳо мебель ва офис жиҳозларини харид қилиш фақат Вазирлар Маҳкамасининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.
Бюджет ташкилотларининг 2025 йилга мўлжалланган харажатлар сметасини тузишда мебель ва офис жиҳозлари харажатлари 2024 йилга нисбатан 10 фоизга қисқартирилиши керак (таълим ва тиббиёт муассасаларидан ташқари).
Ҳокимликларга бюджет харажатлари параметрларини шакллантиришда иш ҳақи, дори-дармон, озиқ-овқат ва коммунал хизматлар учун маблағлар етишмаслигига йўл қўйиш тақиқланади.
Шунингдек, уларга маҳаллий бюджетлар ва уларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамланмаган қўшимча штат бирликларини ташкил этиш тақиқланди.
Тадбирни молиялаштиришнинг аниқ манбаисиз ўтказишга йўл қўйилмайди.
2025 йил 1 январдан туман ва шаҳар даражасидаги соғлиқни сақлаш муассасаларини сақлаш харажатлари Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар бюджетлари ва Тошкент шаҳри бюджетидан молиялаштиришга ўтказилади.
Туманлар ва шаҳарлар бюджетлари тасдиқланган иловаларга мувофиқ харажатлар йўналишлари бўйича шакллантирилади.
Бюджетларни тасдиқлашнинг янги муддатлари
20 январга қадар бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тасдиқлаш, 25 январга қадар уларни иқтисодиёт ва молия органларида рўйхатдан ўтказиш топширилди.
Вақтинчалик сметалар фақат январь ойи учун амал қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил 1 сентябрга қадар вақтинчалик харажатлар сметасини тузиш амалиётини бекор қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши лозим.
Октябрь ойида давлат бюджети параметрлари муҳокама қилинар экан, президент давлат бюджетида халқ манфаатларини акс эттириш, шунингдек, харажатларни оптималлаштириш ва бу жараённи йирик давлат корхоналарида бошлаш кераклигини таъкидлаган эди. Унинг таъкидлашича, кўплаб мамлакатлар ўз иқтисодий стратегияларига харажатларни оптималлаштиришни киритган.
Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни Ўзбекистоннинг 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. ЯИМнинг 6 фоизга ўсиши, инфляциянинг 7−8 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги бўйича лимит ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиздан 3 фоизгача (49,3 трлн сўм) пасайтирилди, ташқи қарзлар бўйича лимит 5,5 млрд долларгача оширилди.
2022 йил март ойида давлат раҳбари бюджет харажатларини 10 триллион сўмга қисқартириш зарурлигини айтган эди. Ўшанда йил охиригача барча ҳокимликлар, вазирлик ва идораларга бинони таъмирлаш, автомобиль, мебель ва офис жиҳозлари сотиб олиш каби қўшимча харажатларни амалга ошириш тақиқланган эди. Бундан ташқари, улар аниқ молиялаштириш манбаи бўлмаса, қурилишни бошламасликлари керак эди.