Ўзбекистон Марказий банки бир фойдаланувчи учун расмийлаштириладиган банк карталари сонини чеклади. Бу ҳақда биринчи бўлиб «Мижозлар учун!» Телеграм-канали хабар берди. Бу маълумотни «Газета.uz»нинг банк соҳасидаги манбаси тасдиқлади.

Марказий банк вақтинчалик тартибни ишлаб чиқди. Унга кўра битта жисмоний шахс (битта ЖШШИР учун) битта банкда кўпи билан 5 та ва умуман барча банкларда 20 тагача, шу жумладан, виртуал ва кобейджинг карталарига эга бўлиши мумкин.

Бунда ушбу талаб хорижий валютада очилган карталарга татбиқ этилмайди.

Шунингдек, банкларга жисмоний шахсларнинг карталари (шу жумладан виртуал) бўйича 12 ой давомида ҳеч қандай операция амалга оширилмаган бўлса, карта эгасини албатта хабардор қилган ҳолда уларни блоклаш топширилди.

Ушбу тартиб хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, тижорат банкларига ижро этиш учун йўлланмоқда.

Тартибнинг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабргача белгиланган.

Регулятор ноябрь ойи охирида бир кишига тўғри келадиган карталар сонини чеклашни режалаштираётганини маълум қилган эди. Чора карталар билан шубҳали (фирибгарлик) операцияларнинг олдини олишга ва жисмоний шахсларга тегишли банк ҳисобварақлари ҳамда карталаридан фирибгарлик схемаларида фойдаланишни камайтириш мақсадига қаратилган, деб тушунтирди Марказий банк.

Таъкидланишича, ўша пайтда банк карталари эгаларининг қарийб 97 фоизи (22 миллион киши) 5 тагача, 3 фоизи (770 минг киши) 5 тадан 20 тагача картага эга бўлган ва атиги 0,03 фоизи ёки 7000 киши 20 дан ортиқ картани рўйхатдан ўтказган.

Жисмоний шахслар номига кўп миқдорда очилган карталар таҳлил қилинганда, ушбу карталарнинг бир қисмидан (аксарият ҳолларда эгаларининг билишисиз) фирибгарлик мақсадида фойдаланиш ҳолатлари аниқланган, деб таъкидлади Марказий банк.

Регулятор маълум қилишича, 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 54,9 миллиондан ортиқ банк карталари (декабрь ойи бошида — 56,9 миллион) — Ўзбекистондаги ҳар бир кишига 1,5 картадан ёки меҳнатга лаёқатли ҳар бир кишига 2,9 картадан (2023 йилда 19,58 миллион меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлган) муомалада бўлган.

Таққослаш учун: Қозоғистонда сентябрь ойи якунига кўра тўлов карталари сони 80 миллион донага етган, яъни ўртача бир кишига 4 та карта тўғри келади (аҳоли сони 20,2 миллион киши). Қирғизистонда эса бу кўрсаткич 8,55 миллион донани ташкил этиб, бир кишига 1,2 та карта тўғри келади.