Тошкент вилоятидан ўтган Чирчиқ дарёсидан қум-шағал қазиб олиниши оқибатида табиатга қарийб 700 млрд сўм зарар етказилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.
Қайд этилишича, рейд давомида фуқаро А.Қ. дарёдан Volvo экскаватори ва Howo юк машинаси билан табиий қум-шағал қазиб олгани, уларни тош майдалаш цехига ташиб олиб кетаётгани аниқланган.
Бу билан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг ҳамда «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонуннинг талаблари бузилган. Экологик назорат инспекцияси ходимлари транспорт воситаларини ҳолатга ойдинлик киритилгунга қадар жарима майдонига қўйган.
Юқоридаги қонунбузарлик оқибатида табиатга 674 млрд 048 млн сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2024 йил 17 январдаги «Сув омборларида металл бўлмаган материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Чирчиқ, Сирдарё, Санзор, Зарафшон, Норин дарёлари ўзанларида металл бўлмаган материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий эълон қилинган.
Мораторий даврида ушбу фаолият оқибатида табиатга етказилган зарар учун ундириладиган суммалар 10 баробар ошади. Бироқ мазкур чораларга қарамай дарёдан қум-шағал қазиб олиш ҳалигача давом этмоқда.