2024 йил 10 октябрда Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув учун субсидияларга 100 миллиард сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиб, уни жамоатчиликдан яшириб қўйган. Бу ҳақда Daryo хабар бермоқда .
Нашр бу ҳақда 26 декабрь куни хабар берган, бироқ 709−14−0-Q/24 сонли ҳужжат ҳалигача ёпиқлигича қолмоқда. «Газета.uz» бунинг сабаблари юзасидан пойтахт ҳокимлигига сўров юборган, бироқ ҳозиргача жавоб олмади.
Қонунчиликка кўра, ҳоким қарорда шахсий, васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги маълумотлар ёки амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ махфий ҳисобланган бошқа турдаги ахборот (мудофаа ва хавфсизлик тўғрисидаги маълумотлар) бўлса, уни яшириши мумкин.
Бироқ мазкур қарорда иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти учун мавжуд қарз ва кутилаётган харажатларни қоплаш мақсадида маҳаллий бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши назарда тутилган. Илгари бу маблағлар республика бюджетидан ажратилар эди.
Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш тўғрисидаги қарори асос қилиб кўрсатилган. Ушбу ҳужжат доирасида Франциянинг Veolia компанияси 30 йил давомида Тошкент иссиқлик таъминоти тизими бошқарувини қўлга киритганди.
Бундан ташқари, кенгаш қарорларига мувофиқ пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўрилган зарарлар ҳар ой Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетидан субсидиялар ажратиш ҳисобига қопланади.
Кейинчалик бу пуллар туманлар ўртасида тақсимланиб, маҳаллий бюджетлар ва Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотларига иссиқлик таъминоти учун субсидиялар ажратиш тўғрисида алоҳида қарорлар қабул қилинган:
- Яккасарой тумани — 4,42 млрд сўм;
- Шайхонтоҳур тумани — 7,16 млрд сўм;
- Сергели тумани — 2,89 млрд сўм,
- Учтепа тумани — 8,13 млрд сўм,
- Мирзо Улуғбек тумани — 14,1 млрд сўм,
- Янгиҳаёт тумани — 3,64 млрд сўм,
- Бектемир тумани — 2,37 млрд сўм,
- Чилонзор тумани — 8,05 млрд сўм,
- Юнусобод тумани — 7,46 млрд сўм.
Яшнобод, Олмазор ва Миробод туманлари ҳокимларининг қарорларини топиб бўлмади. Катта эҳтимол, улар ҳам яширилган.
Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ҳужжатга ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) белгисини қўйган. Бу қарор аввалига ҳокимлик томонидан яширилгани, аммо адлия бошқармаси томонидан очиб қўйилган бўлиши мумкинлигидан далолат беради.
«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, бюджетдан маблағ ажратиш ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларга тааллуқли ва улар очиқ бўлиши керак.
Қонунчиликка кўра, Тошкент ҳокимининг бу қарори очиқ бўлиши лозим, чунки у бюджет маблағларини тақсимлаш билан боғлиқ.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 594-сонли қарорига мувофиқ, пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўрилган зарарлар кенгаш қарори асосида ҳар ойда Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетидан субсидиялар ажратиш йўли билан қопланади. Бундан келиб чиқадики, маблағ ажратиш тўғрисидаги қарорни ҳоким эмас, халқ депутатлари кенгаши қабул қилиши керак эди, деб ёзади Daryo.
Молиячи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, Тошкент шаҳри ҳокими 7 сентябрь куни «Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой ажратиш тўғрисида»ги қарорни ҳам тасдиқлаган. Ҳужжат очиқ эди (кейинчалик яширилди), бу фойдаланувчиларга болаларнинг ҳимояланиши керак бўлган шахсий маълумотларини кўриш имконини берди. Қарорда етим болаларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, уй манзили ва хонадон рақамлари кўрсатилганд.
4 январь куни халқ депутатлари Олмазор тумани кенгаши ҳам қарор қабул қилди, унда «аёллар дафтарига» киритилган ўнлаб аёлларнинг шахсий маълумотлари, жумладан, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва ҳаттоки паспорт рақамлари кўрсатилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тарифлари икки баробар оширилиши режалаштирилмоқда. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бу харажатларни қоплаш учун етарли эмаслигини, шу боис субсидиялар ажратилаётганини таъкидлади. У эскирган ва кўп энергияга сарфловчи ускуналар, ҳисоблагичларнинг етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларни кўрсатди.
Пойтахт бюджетидаги барча харажатларнинг тўртдан бир қисми иссиқлик таъминоти корхоналарининг аҳоли учун пасайтирилган тарифлардан фойдаланиш натижасида йўқотишларини қоплашга йўналтирилади. 2024 йилда бунинг учун 1,97 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган эди, бу 2023 йил прогнозидан (1,6 триллион сўм) 22,8 фоизга кўп.
Аввалроқ Veolia Energy Tashkent компанияси иссиқ сув ва иситиш учун тарифлар ошишини газ ва электр энергияси нархи ошиши билан асослаган эди. Корхона маълумотларига коʻра, бугунги кунда аҳоли базавий тариф миқдорининг 18 фоизини қоплайди.
2022 йил якунида айрим депутатлар ва Ҳисоб палатаси бунга қарши чиққан бўлса-да, Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тарифларининг пастлиги туфайли йўқотишларни қоплаш учун давлат бюджетидан 35,8 миллион доллар ажратилган. Молия вазирлиги собиқ раҳбари гарчи маҳаллий бюджетда 1,3 триллион сўм қолган бўлса ҳам, буни унда маблағ йўқлиги билан изоҳлаганди.