Ҳукумат «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кенгайтирилиши ҳамда тариф ислоҳотларининг тизимли амалга оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.
Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг 5 та ҳужжатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётган бўлиб, улар қуйидагиларни назарда тутмоқда:
- қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шугулланувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш;
- тижорат банклари томонидан «яшил» истеъмол кредитлари ажратилишини кенг жорий этиш ҳамда кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмига компенсациялар ажратишни янада кенгайтириш.
Хусусан, илгари «яшил» истеъмол кредитлари фақат қуёш фотоэлектр ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситкичларини ўрнатиш мақсадида жисмоний шахсларга миллий валютада ажратилган бўлса, эндиликда улар:
- микро ва кичик гидроелектр станциялари;
- биогаз ишлаб чиқарувчи ускуналар;
- биогаз қурилмалари;
- иссиқлик насосларини ўрнатиш;
- шунингдек, қурилиш изолясия материаллари, маиший энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонларни сотиб олиш мақсадлари учун ҳам ажратилади.
Шу билан бирга, «яшил» истеъмол кредитларининг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлган фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш учун компенсация олишда фоиз ставкаси асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаслиги лозимлиги ҳақидаги шарт бекор қилинмоқда.