6 январь куни Канада бош вазири Жастин Трюдо тўққиз йиллик фаолиятидан сўнг ҳукмрон либераллар етакчиси лавозимидан кетишини маълум қилди, бироқ партия бошқа номзодни танламагунча у ўз лавозимида қолади, деб ёзмоқда Reuters.
2025 йилнинг октябридан кечиктирмай парламент сайловлари бўлиб ўтиши керак, унда Либерал партия ютқазиши тахмин қилинмоқда, ҳозир Канадада ҳукумат инқирози давридир. Мамлакатда Трюдо бошлиқ раҳбариятдан норозиликнинг кучайиши ва молия вазирининг тўсатдан истеъфога чиқиши сабабли ҳукумат ичида тартибсизликлар кучайган.
Сўнгги сўровларга кўра, партия сайловчиларнинг тахминан 20 фоиз овозига, мухолифатдаги Консерватив партия эса 40 фоиздан кўпроқ овозга эга бўлиши мумкин.
27 январдан фаолиятини қайта бошлаши керак бўлган парламент иши 24 мартгача тўхтатилади. Ушбу муддат Либерал партия етакчилиги учун «пойга» вақти демакдир. Аммо мухолифат партиялар ишончсизлик вотуми орқали Либерал партияни ағдариб ташлаши ҳам мумкин.
Трюдо ўз истеъфосини эълон қилгач, деярли 10 йиллик бош вазирлик даврида «бу мамлакат учун курашганини» айтди, деб ёзади CNN. «Ҳар куни эрталаб мен бош вазир сифатида уйғонаман, канадаликларнинг матонати, сахийлиги ва қатъиятидан илҳомланаман. Мен бу мамлакат учун, сиз учун курашдим», — деди журналистларга.
У ўз маъмуриятининг Украинани қўллаб-қувватлаши ва пандемия давридаги сиёсатини ҳокимият тепасига келганидан бери эришган энг катта ютуқларидан бири сифатида санаб ўтди. «Биз пандемия даврида бир-биримизни қўллаб-қувватлаш учун йиғилдик… Украина ва демократиямиз билан мустаҳкам туриш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва иқтисодиётимизни келажакка тайёрлаш учун. Дунёдаги энг оғир дамларда яшаяпмиз», — дея қўшимча қилди у.
Жастин Трюдо 2013 йилдан бери Либерал партияни бошқариб келмоқда. У 2015 йилдан бери бош вазир ва икки марта қайта сайланиб, Канаданинг энг узоқ вақт ишлаган бош вазирларидан бирига айланди. Унинг даврида Канада эвтаназия (беморнинг ўлимолди азоб-оғриқларини енгиллаштириш; тузалиши қийин, оғриқ-азобдан қийналаётган беморларнинг ўлимини тезлаштириш)ни, марихуанани қонунийлаштирди, иссиқхона газлари ташламалари учун солиқ жорий қилди, бир марталик пластик идишларни тақиқлади, қуролга эгалик ҳуқуқини чеклади, турли нафақаларни, айниқса, болалар нафақаларини сезиларли даражада оширди.
Трюдонинг сиёсати, айниқса, нафақалар миқдорини ошириш катта бюджет харажатларини талаб қилди. Дастлаб ҳукумат уларни корпоратив солиқлар ва бойлар учун солиқларни ошириш орқали молиялаштиришга муваффақ бўлди. Бироқ, ковид пандемияси, дунёнинг деярли барча жойларида бўлгани каби, бюджетни ҳаддан ташқари зўриқтирди ва давлат қарзининг сезиларли ўсишига олиб келди.
Бундан ташқари, бюджет харажатларининг ўсиши таъминот занжирларининг бузилиши билан биргаликда — дунёнинг деярли барча жойларида бўлгани каби — инфляцияга олиб келди. Канадада, бошқа кўплаб Ғарб мамлакатларида бўлгани каби, нархлар инқирози бошланди. Оддий қилиб айтганда, ҳаёт сезиларли даражада қимматлашди ва кўпчилик фуқаролар ҳукуматни ва унинг раҳбарини асосий айбдор деб ҳисоблади. Шу тариқа бош вазирнинг машҳурлиги икки йил олдин нархларнинг юқорилиги ва уй-жой танқислиги туфайли жамоатчиликнинг ғазаби остида пасайишни бошлади ва қайта тикланмади.
«Канададаги кўпчилик [АҚШдаги] 51-штат бўлишни орзу қилади. Қўшма Штатлар Канаданинг зарурати учун улкан савдо тақчиллиги ва субсидияларга ортиқ бардош бера олмайди. Жастин Трюдо буни англаб, истеъфога чиқди. Агар Канада АҚШ билан бирлашса, божлар, солиқлар камаярди ва Канадага Россия ва Хитойнинг доимий равишда яқин атрофда ҳаракатланадиган кемалари таҳдид солмасди. Биргаликда биз буюк миллат бўлишимиз мумкин эди!» — деб ёзди Трамп Канада бош вазирининг истеъфосидан сўнг Truth Social ижтимоий тармоғида. Бу Трампнинг Канадани қўшиб олиш ҳақида илк бор гапириши эмас.