Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили — Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди ТИВ раҳбари ўз Telegram саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, Кая Каллас ўтган йилнинг ўрталарида бу лавозимга тасдиқланган ва 1 декабрдан ўз вазифасини бошлаган эди. Бу Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва Европа дипломатиясининг янги тайинланган раҳбари ўртасидаги илк телефон мулоқоти бўлди.

Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, икки минтақа ўртасидаги шериклик муносабатлари ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

«Кўплаб натижаларга эришдик, ҳали олдимизда янада кенгроқ имкониятлар мавжуд. Бу йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё — Европа Иттифоқи саммитини интиқлик билан кутмоқдамиз», — деди Бахтиёр Саидов.

Эслатиб ўтамиз, саммит 2024 йил баҳорида Самарқандда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ бу йилга кўчирилди. Аввалроқ ЕИ элчиси Тойво Клаар «Газета.uz»га маълум қилганидек, уни йилнинг биринчи ярмида ўтказиш режалаштирилган.

Декабрда ўз миссиясини якунлаган ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала нашрга берган интервьюсида саммитни кейинга қолдиришга тўғри келганидан афсусда эканини билдирганди (материал рус тилида). Унинг таъкидлашича, ягона муаммо шундаки, ўтган йил янги ҳукуматнинг шаклланиши туфайли ЕИ учун қийин бўлган.

«Биз ЕИ тарихидаги биринчи Марказий Осиё саммитини ташкил этиш таклифини юборгани учун президентингиз, ҳукуматингиздан жуда миннатдормиз. Энди Брюсселдаги янги раҳбарларимиз ўз ишига киришганидан сўнг, ушбу учрашув санасини аниқ келишиб олишади, чунки бу жуда муҳим — бу биз йиллар давомида ишлаб чиққан юқори даражадаги мулоқотни мустаҳкамлайди», — деганди Терхи Хакала.