7 январь куни эрталаб Тибетнинг баланд тоғли ҳудудларидан бирида 6,8 магнитудали зилзила содир бўлди, деб хабар берди Reuters. АҚШ Геология хизмати зилзила магнитудасини 7,1 деб баҳолади.
Зилзила эпицентри Тигра туманида 10 км чуқурликда ва Эверестдан тахминан 80 км шимолда жойлашган. Кейинчалик 4,4 гача бўлган бир нечта афтершоклар қайд этилди.
Зилзила оқибатида камида 53 киши ҳалок бўлди, 62 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда «Синьхуа» давлат ахборот агентлиги. 1000 дан ортиқ уйларга зарар етган.
Ер силкинишлари қўшни Непал, Бутан ва Ҳиндистонда ҳам сезилди, дея қайд этади Reuters.
Хитой раиси Си Цзиньпин қурбонлар ортиб кетишининг олдини олиши мақсадида кенг кўламли қидирув-қутқарув ишларини олиб боришни буюрди. Зарар кўрган ҳудудларга 1500 дан ортиқ ёнғин ўчирувчи ва қутқарувчилар юборилди.