Украинада сайловлар «уруш тугамагунча ёки қонунчиликни ўзгартириш керак бўлмагунча» ўтказилиши мумкин эмас. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский подкастер Лекс Фридманга берган интервьюсида маълум қилди.

«Ўйлайманки, сайловлар ҳарбий ҳолат тугаганидан сўнг дарҳол ўтказилади — бу қонунга мувофиқ. Ёки парламент аъзолари бирлашиши ва қонунчилигини ўзгартириши керак, буни амалга ошириш жуда қийин бўлади, чунки жамият бунга қарши», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, сайловлар ишончли ўтиши керак. Бунинг учун мамлакатдан чиқиб кетган миллионлаб украиналиклар овоз бериши учун тегишли шароитлар яратиш зарур. Босиб олинган ҳудудларда яна миллионлаб одамлар бор. Бу қийин масала, — деди Зеленский, «бир миллион аскарсиз» сайловлар адолатсиз бўлишини таъкидлаб.

Ундан иккинчи марта президентликка номзодини қўйиш-қўймаслиги сўралганида у шундай жавоб берди: «Билмайман… Бу — жуда қийин савол». Унинг таъкидлашича, қарор урушнинг натижасига ва одамлар нима хоҳлашига боғлиқ бўлади.

У мазкур масала унинг оиласига ҳам боғлиқлигини қўшимча қилди. «Бу ҳақда оилам билан гаплашишга вақтимиз бўлмади. Ва, албатта, имконият ҳам, чунки биз ҳозир бу ҳақда ўйламаяпмиз», — дея тушунтирди Зеленский.

Президентнинг сўзларига кўра, айрим сиёсатчилар ва мухолифат вакиллари сайлов мавзусини кўтармоқда. Бироқ, унинг сўзларига кўра, сиёсатчилар ҳозир сайлов кампаниясини бошламасликлари керак, чунки уруш пайтида сайловлар ўтказиш Украина халқининг бўлинишига олиб келиши мумкин.

Зеленский эътиборини урушга қаратганини ва энг мураккаб мунозаралар музокаралар столида бўлишини таъкидлади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида бир неча ОАВ Украинада президент сайлови учун «маълум тайёргарликлар» бошлангани, муҳокама қилинаётган сана — 2025 йил 25 май экани ҳақида ёзганди. Украина президенти офиси буни рад этган.

  • Украинада президентлик сайлови 2024 йил 31 март куни ўтказилиши керак эди, бироқ мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилингани сабабли бундай бўлмади. Зеленский 2024 йилнинг ноябрь ойида «ҳозир сайловлар вақти эмас», «ҳозир мудофаа вақти, жанг вақти» деганди. Украиналиклар ўртасида ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, аҳолининг аксарияти уруш тугагунга қадар сайловларни ўтказишга қарши.