Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси таркибида Навоий, Олмалиқ, Бекобод ва Темир йўл саноат хавфсизлиги инспекциялари ташкил этилди.
Қўмита зиммасига 2025 йилда қуйидаги устувор вазифалар юкланди:
- саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ҳамда истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишдаги хавфсизлик талабларини қайта кўриб чиқиш;
- радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро стандартлар ва талабларни миллий қонунчиликка жорий этиш;
- саноат хавфсизлигини таъминлашда масофадан назорат қилиш механизмини жорий этиш;
- хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш;
- саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
- саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш инфратузилмасини ривожлантириш.
Қўмита бир ой муддатда мазкур устувор вазифаларни бажариш бўйича мақсадли кўрсаткичларни ва чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ҳамда ҳар чоракда уларнинг ижроси натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.
Саноат хавфсизлиги соҳасини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида қўмита 2025 йил якунига қадар «Ягона интеграциялашган экотизим» ахборот тизимини ишга туширади ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда ресурслари билан интеграция қилади.
2025 йил 1 июлдан юридик шахсларга нисбатан қуйидагилар учун жарималар қўлланилиши жорий этилади:
- хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларини бузганлик учун;
- радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ қоидалар ва бошқа талабларни бузганлик учун;
- истироҳат боғлари аттрационларини эксплуатация қилишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларини бузганлик учун.
Ўзбекистон қуйидаги халқаро шартномаларга қўшилишни режалаштирмоқда:
- Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенцияси (Вена, 1963 йил 21 май);
- Ядровий авариялари ёки радиациявий авария ҳолатларида ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги конвенсия (Вена, 1986 йил 26 сентябрь);
- Ядровий авария ҳақида тезкор хабар бериш тўғрисидаги конвенсия (Вена, 1986 йил 26 сентябрь);
- Ядро хавфсизлиги тўғрисидаги конвенсия (Вена, 1994 йил 17 июнь).
Бундан ташқари, 2025 йилда қуйидаги қонунларни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда:
- «Кимёвий хавфсизлик тўғрисида»;
- «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»;
- «Радиоактив чиқиндилар билан муомала қилиш тўғрисида».