Маъмурий қамоқ Ўзбекистонда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган жазо турларидан бири бўлиб қолмоқда. Унинг қўлланилиш ҳолатлари адолат мезонларига, самарали таъсир кўрсатиш мақсадига мос келиши, қолаверса, асосли тайинланганлиги борасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолларда кам аҳамиятли бўлган ҳуқуқбузарликлар учун 15 суткагача бўлган қамоқ жазоси ҳақида гап кетганида, ушбу ҳолатлар бир қатор муҳим саволлар келиб чиқишига сабаб бўляпти: Ўзбекистондаги одил судлов фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қанчалик қодир ва у замонавий стандартларга жавоб берадими?
Япониянинг Кобе университети юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ҳусаин Раджапов ва юридик фанлар доктори Фарҳод Фозилов «Газета.uz» учун ёзган мақоласида қонунчиликдаги бўшлиқлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳақида фикр юритиб, маъмурий қамоқни қўллаш тизимини халқаро тажриба ва инсонпарварлик тамойиллари асосида ислоҳ қилишни таклиф этади.
Маъмурий қамоқ жазосининг қўлланилиши бўйича кенг жамоатчилик учун очиқ расмий статистик маълумотларнинг йўқлиги ҳам муаммони янада чигаллаштирмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 29-моддасига мувофиқ, маъмурий қамоқ 3 суткадан 15 суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса жамоат тартибига тажовуз қилганлик учун 30 суткагача бўлган муддатга қўлланилади. Маъмурий қамоққа олиш жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан белгиланади.
Маъмурий қамоқни қўллашда суд хоҳиш-иродаси ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бироқ асосий муаммо чуқурроқ — судьялар хоҳиш-иродасига бундай қарорларни қабул қилиш учун ҳаддан ташқари кенг ваколатлар берадиган қонунчиликда ётади. Бу эса ушбу турдаги жазоларнинг адолат ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлигини шубҳа остида қолдиради.
Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шу жумладан, ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтда ҳам адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланган (29-модда). Бу сезиларли ижобий ўзгариш, аммо у маъмурий қамоқдаги процессуал кафолатларга таъсир қилмайди. «Ўзбекистон-2030» стратегияси тўғрисидаги президент фармони тизимни ислоҳ қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ҳужжатда озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазолар улушини 30 фоиздан 20 фоизга камайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ошириш ва жамиятнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Ижобий ташаббусларга қарамай, Конституция ва «Стратегия-2030» маъмурий қамоқни қўллаш соҳасида етарли кафолатларни тақдим этмаяпти. Бу ислоҳотларда ҳам маъмурий қамоқ эътибордан четда қолдирилиб, фақат жиноят процесси масалалари билан чекланиб қолиняпти.
Қонунчилик билан боғлиқ муаммолар
1. Кенг дискреция. Қонунлар судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жарима ёки қамоқ жазо чорасидан бирини танлаш имкониятини бериб, жуда кенг дискреция (ҳаракат эркинлиги, хоҳиш-ирода) тақдим этади. Суд ҳокимиятининг етарли даражада мустақил эмаслиги ва куч ишлатар тузилмаларнинг юқори даражадаги таъсири шароитида қонунчиликда ўз хоҳиш-иродасини билдиришнинг бундай эркинлиги суиистеъмолликларга олиб келади. Амалиётда судьялар кўпинча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг босими остида, ҳуқуқбузар биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган ва жарима билан жазоланиши мумкин бўлган ҳолларда ҳам 15 суткалик қамоқ тўғрисида қарор чиқариши ажабланарли бўлмай қолди.
2. Жаримага муқобил сифатида қамоқни қўллашнинг номақбуллиги. Агар ҳуқуқбузарнинг жаримани тўлашга молиявий имконияти бўлмаса, маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади, деган нуқтаи назар бемаъниликдир. Чунки маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисидаги қонуннинг 24-моддаси 1-қисмига кўра, маъмурий қамоққа олинган шахслардан суткасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида махсус ҳибсхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлари ундирилади. Шундай қилиб, ҳуқуқбузарни бир вақтнинг ўзида ҳам озодликдан маҳрум этилади, ҳам зиммасига молиявий мажбуриятлар юклатилади, бу эса инсонпарварлик ва адолат тамойилларига зид.
3. Аниқ мезонларнинг йўқлиги. Қонунларда қамоқ жазосини қўллашга доир аниқ мезонлар назарда тутилмаган, бу эса ҳатто арзимас қоидабузарликлар учун ҳам ушбу жазо туридан фойдаланиш имконини беради. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда — майда безориликдан ташқари — 50 дан ортиқ турдаги ҳуқуқбузарликлар учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар концептуал жиҳатдан ижтимоий хавфлилик даражаси пастлиги билан жиноий қилмишлардан фарқ қилади. Маъмурий қамоқ тарзидаги озодликдан маҳрум қилиш жазосига фақат охирги чора сифатида қараш лозим. Аксарият ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий қамоқни қўллаш мақсадга мувофиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Маъмурий қамоқдан бундай кенг фойдаланиш инсон ҳуқуқларининг замонавий стандартларига мос келмайди ва ўтмишдан мерос қолган жазо амалиётининг қолдиғи сифатида ўзини намоён этади.
4. Процессуал тартибда ҳимоя қилинмаслик. Амалдаги қонунчиликка кўра (МЖтК 297-моддаси), маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича адвокатнинг иштироки мажбурий эмас, лекин ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг илтимосига биноан жалб этилиши мумкин. Амалда эса бу қоида кўплаб саволларни келтириб чиқаради. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўп ҳолларда ваколатлар суиистеъмол қилинадиган шароитда фуқароларга уларнинг ҳимояланиш ҳуқуқи тушунтирилмайди ёки адвокатни жалб қилиш тўғрисидаги илтимослари эътиборга олинмайди. Бундай ҳолат одил судловнинг асосий тамойилларига путур етказади ва фуқаро тегишли ҳимоядан маҳрум қилади.
Қонун ҳужжатларини ислоҳ қилишга оид таклифлар
Ўзбекистонда маъмурий жазо тизимининг инсонпарварлиги ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суиистеъмолларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар таклиф этилади:
1. Жиддий ижтимоий хавф туғдирмайдиган ҳуқуқбузарликлар учун 15 суткагача бўлган маъмурий қамоқ жазосини санкциялар рўйхатидан чиқариш. Адолат ва мутаносиблик тамойилларидан келиб чиқилса, бу мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳуқуқбузарликларни танлаш мезонлари сирасига фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек, атроф-муҳитга таҳдид мавжуд бўлмаган ҳолатларни киритиш мумкин. Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар таркибини кўрсатилган мезонларга таянган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва аниқ белгилаш зарур.
Бу ёндашувни амалга татбиқ этиш учун маъмурий қамоқ институтида концептуал ўзгаришларни ишлаб чиқишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш талаб этилади. Ушбу тадқиқотлар халқаро стандартларни ҳисобга олиши, ижтимоий-иқтисодий оқибатларни таҳлил қилиши ва муқобил жавобгарлик чораларини жорий этишни таклиф этиши лозим. Бундай ёндашув маъмурий жавобгарликнинг замонавий механизмларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш талаблари ва қонун устуворлиги тамойилларига мувофиқлигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятини ошириш имконини беради.
2. Маъмурий қамоқни фақат «рецидивистлар» — илгари қўлланилган жарималар ёки бошқа «юмшоқроқ» жазолардан тегишли хулоса чиқармаган шахсларга нисбатан энг сўнгги жазо чораси сифатида назарда тутиш. Бундай чора, масалан, маъмурий жарима тайинланганидан сўнг бир йил ичида худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда қўлланилиши мумкин.
Қонунчиликда муайян турдаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан аллақачон қисман мавжуд бўлган бу ёндашув жиноят ҳуқуқида маълум бўлган маъмурий преюдиция тамойилига мос келади. Ушбу тамойилга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликни белгиланган вақт оралиғида бир неча марта содир этиш қилмишни жиноятга айлантиради. Бироқ таклиф этилаётган модель маъмурий жазолар тизимига концептуал ўзгаришлар киритиб, рецидивларнинг олдини олишга қаратилган янада мослашувчан, шу билан бир вақтда қатъий механизмни таклиф қилади. Бундай ёндашув маъмурий қамоқ бошқа жазо чоралари тугаганидан кейингина қўлланиладиган фавқулодда чора бўладиган жавобгарлик даражалари (градацияси)ни шакллантириш имконини беради.
3. Мажбурий ҳуқуқий ҳимоя. Агар фуқаро жазо чораларидан бири сифатида маъмурий қамоқ назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича айбланаётган бўлса, у қўлга олинган пайтдан бошлаб адвокат билан таъминланиши шарт. Маъмурий қамоқ тайинланиши мумкин бўлган ишларда адвокатнинг мажбурий иштирокини кафолатлаш эҳтимолий суиистеъмол қилишнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш учун жараённинг ажралмас қисмига айланиши лозим.
4. Маъмурий қамоқ ўрнига муқобил жазо чоралари тизимини жорий этиш. Ижтимоий реабилитация бўйича мажбурий дастурлар ёки ҳуқуқбузарлар учун таълим курсларини ўташ каби муқобил жавобгарлик чораларини таклиф қилиш ва қонунчиликда мустаҳкамлаш зарур. Бу чоралар арзимас ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан самарали бўлиши мумкин, бунда озодликни чеклаш истисно этилади.
Халқаро тажриба
Халқаро амалиётда маъмурий қамоқни қўллаш турли давлатларнинг ҳуқуқий тизимларига қараб бир-биридан фарқ қилади.
Германия ва Франция: Маъмурий қамоқ асосан миграция қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ чекланган ҳоллардагина қўлланилади. Масалан, у депортация қилиниши лозим бўлган шахсларга нисбатан уларни мамлакатдан чиқариб юборишни таъминлаш мақсадида ушлаб туриш учун ишлатилиши мумкин. Бундай қамоққа олиш муддати қатъий белгиланган ва суд назорати остида бўлиши шарт.
Испания: Агар ҳуқуқбузарлик учун жарима тўланмаган бўлса, «жарима тўлангунгача ушлаб туриш» доирасида қисқа муддатли озодликдан маҳрум қилиш мумкин, лекин бундай ҳолатлар жуда кам учрайди.
Италия: Иммиграция қонунчилиги бузилган тақдирда маъмурий қамоқ чоралари (detention) қўлланиши мумкин, бироқ булар истисно ҳолатлар ҳисобланади.
АҚШ: Айрим штатларда полиция тартиббузарларни, дейлик, майда безорилик учун ҳибсга олиши мумкин, аммо бу маъмурий қамоқ жазосидан кўра кўпроқ вақтинчалик қамоққа олишга ўхшайди.
Маъмурий қамоқ бугунги кунда мавжуд бўлган кўринишида демократик тамойиллар ва замонавий халқаро стандартларга етарли даражада жавоб бермайди. У фақатгина жарима ёки бошқа маъмурий жазо чоралари қўлланганидан сўнг, маълум муддат (масалан, бир йил) ичида такроран содир этилган худди шундай ҳуқуқбузарликлар учунгина қўлланиши лозим. Маъмурий қамоқни қўллаш бўйича ёндашувларнинг ўзгармаслиги, бир томондан, фуқароларнинг давлат органларига нисбатан ишончи йўқолишига, иккинчи томондан, инсонпарварлик ва қонун устуворлиги нуқтаи назаридан самарасиз бўлган жазо чоралари учун давлатнинг молиявий, ташкилий ресурслари сарф бўлишда давом этишига сабаб бўлиши мумкин.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.