Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари раҳбарлари уч давлат — Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти давлат чегаралари туташган нуқтада уч томонлама учрашув ўтказди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда бош вазир Абдулла Арипов, Вазирлар Маҳкамаси раиси — Қирғизистон президенти Администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев ва Тожикистон бош вазири Kоҳир Расулзода иштирок этди.
Томонлар ушбу учрашув уч мамлакат давлат раҳбарлари ўртасида давлат чегаралари масалалари бўйича аввал эришилган келишувлар доирасида ўтказилаётганини таъкидлаб, «ҳамиша ҳамкорликни ва минтақавий интеграцияни мустаҳкамлашга интилишини» қайд этди.
Бош вазирлар мамлакатлар савдо, логистика, энергетика ва маданий-гуманитар алоқалар каби муҳим йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш учун катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади, дейилади хабарда. Уларнинг фикрича, ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми чегараолди ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришдир, бу эса мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш учун ҳаракатлантирувчи кучга айланади.
Бундан ташқари, учрашувда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш жараёни якунлангани ва «Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегараси тўғрисида»ги битим ратификация ёрлиқлари алмашилгани қайд этилди.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 2024 йил 4 декабрдаги Давлат чегараси тўғрисидаги битимда Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг қолган участкаларини тавсифлаш жараёнини якунлаш алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилган, ишчи гуруҳлар қисқа муддатда якуний ҳужжатларни тайёрлаши зарур.
Учрашув якунида ҳукумат раҳбарлари бугунги йиғилиш «халқлар ва мамлакатлар фаровонлиги йўлида минтақа тақдирини ўнлаб йиллар давомида белгилаб беришига» ишонч билдирди, дейилади хабарда.
Давлат раҳбарларининг навбатдаги учрашуви қардош мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилади, дея маълум қилди Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси.
Ўзбекистон делегацияси таркибига энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондони Салимжон Ҳусанов, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳам кирди.