АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 7 январь куни — инаугурациядан икки ҳафта олдин — президентлик сайловлари натижалари расман тасдиқлангандан сўнг биринчи матбуот анжуманини ўтказди. Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида журналистлар олдида сўзга чиққан Трамп Гренландия ва Панама канали устидан АҚШ назоратини ўрнатиш учун ҳарбий куч ва Канаданинг қўшилиши учун «иқтисодий куч»дан фойдаланишни истисно қилмади. У, шунингдек, агар ҲАМАС исроиллик гаровга олинганларни озод қилмаса, Яқин Шарқда «ҳақиқий жаҳаннам» бўлиши билан таҳдид қилди ва Россиянинг НАТО кенгайиши борасидаги ҳис-туйғуларини «тушунишини» айтди. Трампнинг президентлик сайловлари натижалари расман тасдиқлангандан кейинги биринчи матбуот анжуманидан асосий иқтибослари — «Газета.uz» обзорида.

Унинг президентлиги ҳақида

«Америка Қўшма Штатларининг сайланган президенти эканимни биласизми? Мен жуда муваффақиятли собиқ президентман. Мамлакатимиз тарихидаги энг буюк иқтисодиётга эга эдик. Чегараларимиз ёпиқ ва чиройли эди. Бизда ҳаммаси бор эди. Яхши кечди. Уруш бўлмади. ИШИДни енгдик. Бизда уруш бўлмади. Ҳозир эса Россия, Украина ва Исроил билан ёнаётган дунёга қайтяпман…»

Украина ва Россия ҳақида

«Бу — Байденнинг мағлубияти. Агар бизда чинакам президент бўлганида ҳеч қачон бундай бўлмасди… Россия ҳеч қачон [Украинага бостириб кирмасди]. Ҳар қандай ўртамиёна музокарачи битим тузиши мумкин эди… Кўп, кўп йиллар олдин Россия, Путиндан анча олдин, НАТО ҳеч қачон Украина ишларига аралашолмайди, деб айтган эди… Байден шундай деди: „Йўқ, улар НАТОга кириш имкониятига эга бўлишлари керак“. Хуллас, кимдир Россиянинг остонасида тураркан, мен уларнинг бу бўйича ҳисларини тушунишим мумкин».

Панама канали ҳақида

«Панама канали — шармандалик. Панама каналига нима бўлди? [АҚШ собиқ президенти] Жимми Картер уни уларга 1 долларга берди. Даҳшатли қарор. Бу мамлакатимиз тарихида қурилган энг қимматбаҳо иншоот эди… Биз уни 1 долларга бердик, лекин битим шундан иборат эдики, улар биз билан адолатли муносабатда бўлишлари керак эди. Улар биз билан адолатсиз муносабатда бўлишмоқда. Улар бошқа мамлакатларнинг кемаларига қараганда бизнинг кемаларимиздан кўпроқ ҳақ олади. Улар бизни аҳмоқ деб ҳисоблашгани учун устимиздан кулишяпти, лекин биз ортиқ аҳмоқ эмасмиз.

Панама канали мамлакатимиз учун жуда муҳимдир. Уни Хитой бошқаради. Хитой. Биз Панама каналини Хитойга бермадик, балки Панамага бердик. Ва улар буни суиистеъмол қилди. Улар бу совғани суиистеъмол қилди. Дарвоқе, уни совға қилиш умуман ярамайди. Менинг фикримча, Панама каналини беришгани учун Жимми Картер сайловда ютқазган".

Гренландия ҳақида

«Гренландия бизга миллий хавфсизлик учун керак. Менга буни анча олдин, номзодимни қўйишимдан анча олдин айтишган эди. Айтмоқчиманки, одамлар бу ҳақда кўпдан бери гапиришади. У ерда тахминан 45 минг киши бор. Одамлар аслида Даниянинг унга қандайдир қонуний ҳуқуқлари бор-йўқлигини билмайди, лекин агар бўлса, ундан воз кечишлари керак, чунки у бизга миллий хавфсизлик учун керак. Бу эркин дунё учун. Мен эркин дунёни ҳимоя қилиш ҳақида гапиряпман».

Журналистлар Трампдан Панама канали ва Гренландия устидан назорат ўрнатиш учун ҳарбий ва иқтисодий куч ишлатмасликка ваъда беришга тайёрми, деб сўраганида, у шундай жавоб берди: «Йўқ, мен буни қила олмайман. Улар бизга иқтисодий хавфсизлик учун керак. Панама канали ҳарбий кучларимиз учун қурилган. Мен бунга ваъда бермоқчи эмасман. Балки бирор чора кўришга тўғри келар».

Мексика кўрфази номини ўзгартириш ҳақида

«Биз Мексика кўрфази номини катта ҳудудни қамраб олган Америка кўрфазига ўзгартиришни режалаштирмоқдамиз. Америка кўрфази, қандай чиройли ном. Ва бу ўринли ҳамдир».

Канада ҳақида

«Канада ва АҚШ — ҳақиқатан ҳам бундан нимадир чиқарди. Сиз бу сунъий чизилган чегарадан халос бўласиз ва бу қандай кўринишини кузатасиз. Бу миллий хавфсизлик учун ҳам анча яхши бўларди. Унутманг, биз амалда Канадани ҳимоя қиламиз. Лекин муаммо мана шунда. У ерда дўстларим жуда кўп, Канада халқини яхши кўраман, улар ажойиб одамлар. Лекин биз уларни ҳимоя қилиш учун йилига юзлаб миллиардлаб маблағ сарфлаймиз. Биз Канадага ғамхўрлик қилиш учун йилига юзлаб миллиард сарфлаймиз. Савдо тақчиллиги туфайли биз йўқотяпмиз… Улар [АҚШ] штатига айланиши керак.

Трамп Канадага қарши ҳарбий куч ишлатишга тайёрми, деган саволга шундай жавоб берди: «Йўқ, иқтисодий куч».

ҲАМАС гаровга олган исроилликлар ҳақида

«Агар улар мен лавозимга киргунимга қадар қайтарилмаса, Яқин Шарқда ҳақиқий жаҳаннам бошланади. Ва бу ҲАМАСга ҳам, тўғрисини айтганда, бошқа ҳеч кимга ҳам фойда келтирмайди. Ҳақиқий жаҳаннам бошланади».

НАТО ҳақида

«Агар мен ўшанда ҳисоб-китобларни тўламаган мамлакатлардан пул йиғмаганимда, НАТО ҳозир мавжуд бўлмас эди… 21 мамлакат, аниқроғи, тўламаган ёки жуда оз қисмини тўлаган. Ва мен 680 миллиард доллардан ортиқ пул йиғдим, агар сиз тўламасангиз, биз сизни ҳимоя қилмаймиз, деб айтдим. Шу гапни айтишим биланоқ пуллар дарё бўлиб оқа бошлади… Аммо улар 2% эмас, балки 5% [ЯИМ] даражасида [тўлашлари] керак. Мен уларни 2% тўлашга мажбур қилган одамман. Аммо бош вазир ўрнидан туриб менга шундай деди: «Сэр, сиздан бир савол сўрасам майлими? Сиз ҳисоб-китобларни тўлаб қўйишимиз кераклигини айтяпсиз. Агар биз уларни тўламасак, Қўшма Штатлар бизни Россиядан ҳимоя қиладими?» Мен: «Агар тўламасангиз, демак, сиз қарздор эканингизни назарда тутяпсизми?» деб сўрадим. У: «Ҳа» деди. Мен эса: «Агар сиз қарздор бўлсангиз, сизни ҳимоя қилмаймиз» дедим.