Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 7 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларни суғурта қоидаларига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда табиий офатлар, ёнғин, ўсимликларнинг касалликлар ва зараркунандалардан талафот кўриши, чорва молларининг юқумли касалликлардан нобуд бўлиши ва заҳарланиши ҳамда ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларга зарар етказилиши бўйича суғурта шартномаларини тузиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги суғуртасининг давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларини суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Лойиҳада қишлоқ хўжалигида суғурта соҳасини тартибга солиш мақсадида қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасини ташкил этиш белгиланган. Лойиҳада жамғарманинг:
- даромадлари ва харажатлари;
- суғурталаниши лозим бўлган таваккалчиликлар;
- суғурта мукофотлари бўйича субсидиялар бериш;
- қайта суғуртани амалга ошириш;
- суғурта товонларини тўлаш;
- суғурта тизимини тўлиқ рақамлаштириш;
- соҳани давлат томонидан мувофиқлаштириш билан боғлиқ муносабатлари акс этган.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда суғурталаш тизими жорий этилиб, маҳсулот етиштирувчиларга қулай шарт-шароитларни яратишга имкон берадиган суғурта мажбуриятларини бажариш бўйича тегишли ҳуқуқий муносабатлар тартибга солинади, дейилади қуйи палата хабарида.
Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати
«Жамғарма 37 та суғурта компанияси билан ишлайди. Бунда товон пуллари жамғармадан қоплаб берилади, агар идорада пул етишмаса, зарар давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Лойиҳада 2 йил ичида жамғарма пулларини ҳам халқаро суғурта ташкилотлари орқали қайта суғурталаш масалалари кўриб чиқилмоқда», — дея таъкидлади маърузачи қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов.
Халқ демократик партияси аъзоси Анвархон Темиров вазирнинг маърузасидан сўнг унга бир қанча саволлар берди. Депутат, жумладан, суғурта мажбурий тартибда амалга оширилиши ёки йўқлиги ҳақида савол берган. Шунингдек, у маблағлар бюджетдан қопланган тақдирда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилганини сўради.
«Тизим ишга туширилишидан олдин турли рисклар чуқур ўрганиб чиқилиши керак. Биз бу борада биринчи катта қадамни ташлаганмиз, яъни тизим рақамлаштирилган. Платформа алоқадор вазирликлар билан ҳам интеграция қилинади. Иккинчидан, жамғармада зарарни ўрганиш учун мустақил экспертлар жамоаси фаолият юритади», — дея жавоб берди вазир.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларига хавф-хатарлар туфайли зарар етган ҳолларда зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғуртасини амалга оширишнинг ҳуқуқий асоси яратилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.