Бирлашган Араб Амирликлари Исроил ва АҚШ билан Исроил қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан сўнг Ғазо секторини вақтинчалик бошқаришда иштирок этиш бўйича махфий музокаралар олиб бормоқда, деб хабар бермоқда Reuters дипломатлар ва расмийларга таяниб.
«Парда ортидаги мунозаралар… Исроил қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан кейин ва Ғазо секторини бошқариш, хавфсизлик ва реконструкция қилиш устидан БАА ва АҚШ, шунингдек, бошқа давлатлар томонидан вақтинчалик назорат ўрнатиш имкониятини ўз ичига олган. Фаластин маъмурияти назоратни ўз қўлига олиши мумкин», — дейилади хабарда.
БАА хавфсизлик бўйича АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик қилади ва аксарият араб ҳукуматларидан фарқли ўлароқ, Исроил билан дипломатик алоқаларни давом эттиради. Агентлик суҳбатдошларининг фикрича, бу амирликларга Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳукумати устидан маълум устунлик беради.
Бир йилдан ортиқ давом этган урушдан сўнг, Исроил ҳали ҳам Ғазонинг келажаги бўйича «ўз қарашларини ишлаб чиқишни истамаяпти», бу вақтда халқаро ҳамжамият «ҳаётий режани ишлаб чиқиш» учун курашмоқда, деди Reuters манбалари.
Абу Даби Фаластин маъмуриятини мустақил Фаластин давлати доирасида Ғазо, Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусни бошқариши учун ислоҳ қилиш тарафдори, деди агентлик суҳбатдошлари. Исроил, ўз навбатида, Фаластин давлати тузилишига очиқчасига қарши.
Reuters манбаларининг даъво қилишича, БАА Фаластин ҳукумати тизимини ислоҳ қилиш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, Фаластин давлатини яратиш бўйича йўл харитаси мавжуд бўлмаган ҳар қандай режада иштирок этишдан бош тортмоқда.
Фаластин маъмурияти 1990 йилларда фаластинликлар ва исроилликлар ўртасидаги келишув доирасида тузилган. У Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳил ва Ғазо устидан чекланган ҳокимиятга эга бўлган, бироқ 2007 йилда ҲАМАС кучайиши ва қисқа муддатли фуқаролар уруши ортидан иккинчиси устидан назоратни йўқотган.