Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг қарори билан 1 февралдан иссиқлик корхоналарининг иссиқ сув ва иситиш хизматлари тарифлари ўзгаради, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги.
Қайд этилишича, ҳужжат билан вилоят «Иссиқлик манбаи» ишлаб чиқариш бошқармаси, «Ангрен иссиқлик энергияси» ДУК, Чирчиқ «Иссиқлик энергияси» ИЧК, «Олмалиқ иссиқлик манбаи» МЧЖнинг истеъмочиларга кўрсатилаётган хизматлар нархи ўзгармоқда.
Хусусан, «Иссиқлик манбаи» аҳолига иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун 93 464 сўм/Гкал (ҚҚС билан) нархни таклиф этмоқда. Ҳозирда у 81 минг 312 сўмни ташкил этади. Юридик шахслар учун эса бир Гкал учун 140 212,8 сўмдан 560 минг сўмга кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг сентябрь ойида халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши томонидан аҳоли ва юридик шахслар учун иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматлари тарифларининг 15 фоизга оширилиши маъқулланганди.
Декабрь ойида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Тўраев иситиш ва иссиқ сув таъминоти тарифлари 2025 йил давомида 15 фоиздан икки марта оширилиши мумкинлигини айтганди.
«Гап [зарарларни] қоплаш учун давлат субсидияларига бориб тақалади, иссиқлик таъминотида давлат субсидияларининг улуши жуда катта. Шу муносабат билан биз тизимни янгилаш ва яхши шароит яратиш учун нархларни қайта кўриб чиқишимиз керак ва бунинг учун маблағ керак», — деган у.