Ҳукуматнинг 30 декабрдаги қарори билан туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.

Ҳужжатга кўра, туристик кластер мақоми комплекс туристик хизматлар ҳамда туристнинг ва экскурсантнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун зарур бўлган бошқа қўшимча хизматлар кўрсатувчи мустақил ташкилотлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар мажмуига берилади.

Туристик кластерлар белгиланган тартибда туристик кластер мақоми тўғрисидаги гувоҳномани олган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

Туризм қўмитаси туристик кластер мақомини бериш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Ушбу мақомни олиш учун электрон шаклда ёки почта орқали белгиланган шаклдаги ариза билан ваколатли органга мурожаат қилиши керак.

Туристик кластерларни ташкил этиш ва туристик кластер мақомини олиш учун тадбиркорлик субъектлари бир қатор талабларга жавоб бериши лозим. Жумладан, туристик кластер фаолияти туроператор — меҳмонхона — транспорт хизматларини кўрсатиш билан тўлиқ қамраб олиниши, ҳудудда сиғими камида 40 нафар меҳмон учун мўлжалланган жойлаштириш воситаси мавжуд бўлиши шарт.

Бундан ташқари, туристик кластер ҳудудида маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларини (эсдалик совғалари) сотиш шоҳобчалари (камида битта савдо нуқтаси) бўлиши талаб қилинади.