Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 7 январь куни бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистонда электрон сигареталар муомаласини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Тақиқ учун асос

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров электрон сигаретанинг зарари ҳақида маъруза қилди. Унинг сўзларига кўра, электрон сигареталарда никотиндан ташқари 80 га яқин канцероген, заҳарли кимёвий бирикмалар ва оғир металлар мавжуд бўлиб, улар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Хусусан, никотинга қарамлик кучайиб, болалар ва ўсмирларда мия шаклланиши бузилишига, интеллектнинг пасайишига, қобилият ва кўникмаларнинг ёмонлашишига, тажовузкорликнинг ривожланишига, астма, бронхит, пневмония, марказий асаб тизими, буйрак ва жигар фаолиятининг бузилишига, инсульт, инфаркт ва бошқа касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Соғлиқни сақлаш вазири ДНК тузилмасининг шикастланиши, аёлларда репродуктив қобилиятнинг пасайиши, шунингдек, ҳомиладорликда туғма касалликлар ва болалар ўлими билан боғлиқ мутаген таъсирга эътибор қаратди.

«Асосий савол туғилади: ахир одамлар оддий сигареталарни ҳам чекишади, бу кенг тарқалган усул. Статистика билан ўртоқлашаман. Нима учун биз таркибида никотин ва сунъий хушбўй моддалар бўлган электрон сигареталарни тақиқлаш ташаббуси билан чиқяпмиз? Кузатишларга қараганда, оддий сигареталарни катта ёшдаги одамлар чекади. Ўзбекистон бозорига жозибадор таъсирга эга хушбўй сигаретa ишлаб чиқарувчилар кириб келганидан сўнг ёшлар, айниқса, ўқувчилар ва афсуски, қизлар ўртасида таҳдид пайдо бўлди ва уларни истеъмол қилиш кескин ошди», — деди Асилбек Худаяров.

2023 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатларни электрон сигареталар тарқалишини назорат қилиш учун «тезкор чоралар» кўришга, шу жумладан хушбўй вейпларни тақиқлашга чақирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 37 мамлакатда, жумладан Аргентина, Бразилия, Шимолий Корея, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Норвегия, Сингапур, Туркия, Туркманистонда электрон сигареталар муомаласи тақиқланган. Қозоғистонда ҳам электрон сигареталар муомаласини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Буюк Британия 1 июндан бошлаб бир марталик вейпларни сотишни тақиқлайди.

Асилбек Худаяров бу соҳада зудлик билан зарур чоралар кўрилмаса, маҳсулотни истеъмол қиладиган ёшлар катта бўлгандан кейин оддий сигареталардан уч баробар кўп чекишни бошлаши мумкинлигини айтди.

Лойиҳага тузатишлар

Асилбек Худаяров.Асилбек Худаяров.

Ҳозирда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасига асосан чекилмайдиган тамаки маҳсулотларини, шу жумладан, таркибида никотин мавжуд бўлган чекилмайдиган маҳсулотларни, таркибида маҳсулотнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган моддалар ёки никотинга қарамликни оширадиган қўшимчалар мавжуд бўлган никотинли ва никотинсиз суюқликларни, никотинли ва никотинсиз суюқликлари бўлган тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини, шунингдек электрон сигареталарни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (шу жумладан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб кириш) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланади.

Қонун лойиҳаси билан никотин етказиш қурилмалари (вейплар), шу жумладан, электрон сигареталар ва улар учун суюқликлар муомаласини, хусусан, уларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишни тақиқлаш таклиф этилмоқда.

Ҳужжат билан ушбу соҳадаги жавобгарлик ҳам белгиланмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 186−1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) моддаларини тамакини иситиш тизими билан тўлдириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, шу жумладан, электрон сигареталарни ноқонуний муомалага киритганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузар ўз айбига ихтиёрий равишда иқрор бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органларини хабардор қилган тақдирда, уни жавобгарликдан озод қилиш таклиф қилинмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири 6 январь куни партиялар фракциялари билан ўтказилган учрашувда лойиҳа фаол муҳокама қилингани ва қонунни иккинчи ўқишга қадар маромига етказиш учун асос бўладиган турли тузатишлар таклиф қилинганини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, гап икки турдаги электрон сигареталарни тақиқлаш ҳақида кетмоқда:

«Биз кичик тадқиқот ўтказдик. Ходимларимиз бир нечта [электрон сигареталар] намуналарини сотиб олишди, биз уларни таққосладик. Электрон сигарета истеъмолчиларининг аксарияти „ўзини ҳурмат қилади“ ва қимматроқ тамаки маҳсулотларини чекиш учун электрон тизимларни сотиб олиш имкониятига эга. Биринчи босқичда биз уларни тақиқламаймиз, чекламаймиз. Бу ерда гап таркибида маълум миқдорда никотин ёки шубҳали кимёвий моддалар бўлган хушбўйлаштирилган сигареталар, яъни ёшлар орасида кенг тарқалган сунъий электрон сигареталар ҳақида кетмоқда», — деди у.

Депутатларнинг саволлари

Бобур Бекмуродов.Бобур Бекмуродов.

ЎзЛиДеП партиясидан сайланган депутат Бобур Бекмуродов оддий тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш, шунингдек, яширин бозор улуши бўйича ишлар қандай кетаётганини сўради. У тақиқ яширин иқтисодиётнинг ўсишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирди, чунки электрон сигареталарга талаб ўсишда давом этмоқда ва кўплаб сотувчилар расмий рўйхатдан ўтмоқда ва солиқларни тўламоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонда нафақат тамаки маҳсулотлари, балки бошқа товарлар, жумладан, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари контрабандасига қарши кураш олиб борилаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти электрон сигареталарга қарши кураш бўйича иккита тавсия берган. Биринчиси, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш даражаси паст бўлган мамлакатлар учун тўлиқ тақиқ. Иккинчиси, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш даражаси юқори бўлган мамлакатларда соҳани тартибга солиш, улар қаторига Ўзбекистон ҳам киради, деди вазир.

Расмий статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 6,6 фоизи тамаки маҳсулотларини истеъмол қилади, шу жумладан эркаклар орасида бу кўрсаткич 13,2 фоиз, аёллар орасида эса 0,4 фоизни ташкил қилади.

«Тақиқ жорий этилгач, қонун нуқтайи назаридан бизда қўллар бўш бўлади. Агар тузатишлар киритиладиган бўлса, биз биринчи навбатда таълим муассасалари ва жамоат жойларида ишлаймиз. Бунга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вазифаси, балки ҳар бир кишининг фуқаролик позициясидир», — дея жавоб берди Худаяров.

Беҳзод Тўхтамуродов.Беҳзод Тўхтамуродов.

«Адолат» партиясидан сайланган депутат Беҳзод Тўхтамуродов электрон сигареталар ва чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари (вейп ва снюслар) айниқса ёшлар орасида машҳурлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 40-моддаси мунтазам равишда бузиб келинмоқда, яъни тамаки маҳсулотлари ва тамаки ҳамда никотин истеъмол қилиш мосламаларини бепул тарқатиш ва уларга чегирмалар қўллаш, рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш орқали сотиш авж олмоқда.

Депутат тақиқдан қандай натижалар кутилаётгани ҳақида савол бериб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.

Вазир Ўзбекистон тиббиётини трансформация қилиш учун жалб қилинган хорижий экспертлар нафақат катталар, балки болалар ўртасида ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни тавсия қилганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, соғлом турмуш тарзига оид маърифий ишларни мактаб дастурига киритиш бўйича ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда. «Болалар, асосан, бир-бирларига тақлид қилиб, замонавий кўринишга интилиб, электрон сигарета чекишни бошлайди», — дея тушунтирди вазир.

Халқ демократик партияси аъзоси Зокиржон Зоҳидов Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижлик сайёҳларга ҳам тақиқ қўлланилиши ёки қўлланилмаслиги ҳақида сўради. У қатъий санкциялар мамлакатнинг сайёҳлик жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

«Жуда долзарб масала. Бошқа мамлакатга келганимизда, а эропортда бизга маҳаллий қонунларни тушунтиришади ва биз уларга риоя қилишимиз керак. Бу тақиқ хорижий сайёҳларга ҳам тааллуқли. Божхонада уларга электрон сигареталарни мамлакат ҳудудига олиб кириш тақиқланганлиги тушунтирилади, яъни улар олиб қўйилади», — дея жавоб берди вазир.

Асилбек Худаяров тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ қоидабузарликлар учун жарималар юқори эканини тасдиқлади ва бунинг сабабини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, санкция миқдори қоидабузарликнинг оғирлигига қараб оширилади. Масалан, оддий сигаретларни аксиз маркасиз сотганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солинади.

«Биз электрон сигареталар учун янада қаттиқроқ жазо киритишга қарор қилдик, жарималарни юқорироқ таклиф қилдик», — деди у.

Вазир Ўзбекистонда ҳозирча оддий сигареталар муомаласини тақиқлаш режалаштирилмаётганини айтди.

Барча партиялар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади, аммо иккинчи ўқишдан олдин мавжуд камчиликларни бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.

«Биринчидан, ароқ ёки табиий тамаки инсонга зарар, лекин бу зарарни маълум бир босқичгача даволаш мумкин. Сунъий тамакидаги мураккаб кимёвий элементлар инсон танасидан чиқиб кетмайди, ДНКни бузади, интеллектуал ўсишни кескин заифлатади ва репродуктив саломатликка жиддий таъсир кўрсатади», — деб ёзди «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзининг Telegram каналида.

«Алкоголь ва табиий тамаки, асосан, ўз танловини қилган катталар томонидан истеъмол қилинади. Бироқ электрон сигареталар мактаб ўқувчилари ва 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида кенг тарқалган. Истеъмолчиларнинг учдан икки қисми ёшлар, уларнинг ярми қизлардир. Ёшлар ва халқимиз бу офатнинг ҳалокатли оқибатларидан қочиб қутула олмайди. Агар биз буни ҳозир тўхтатмасак, 20 йилдан кейин ҳеч қандай қонун ёки давлат дастурлари ақли заиф аҳолининг катта қатламига ёрдам бера олмайди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, гап «миллий генофонд ва соғлом келажак» масаласи устида бормоқда. Партия ўтган чақириқда ушбу қонун лойиҳасини ўтказишга ҳаракат қилган, аммо «лоббичилар» туфайли буни амалга ошира олмаган.

«Бу қонуннинг лоббистлари ҳали ҳам бўлади, биз буни ўтган йиғилишда кўрдик. Яна сезиларли босим бўлади», — деди у ва депутатларни ҳужжатни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш учун 133 нафар депутат биринчи ўқишда овоз берди, 3 нафари қарши чиқди, 1 нафари бетараф қолди, 2 нафари овоз бермади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йили бир қатор тамаки ва никотин маҳсулотлари, электрон сигареталар ва тамаки иситиш тизимларининг айланишини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш учун эълон қилганди.

Ўшанда Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги йилларда мамлакатга «никотин ва тамаки маҳсулотларининг „замонавий“ ёки „инновацион“ турлари кириб келганини, бунинг натижасида аҳоли ва ёшлар, айниқса болалар орасида уларнинг истеъмол қилиниши кўпайганини» таъкидлаганди.

2021−2023 йилларда мамлакатга қиймати 28,5 млн долларлик 5,4 млн дона электрон сигареталар импорт қилинган бўлиб, бу кўрсаткич аввалги йилларга (2018−2020 йилларда 349 минг долларлик 182 минг дона электрон сигареталар импорт қилинган) нисбатан кескин равишда — 80 бараварга ошган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги таҳлилларига кўра, ўсмирлар ва ёшлар электрон сигареталарни катталарга нисбатан 3 баробар кўп истеъмол қилади. 18−29 ёшдаги аҳоли орасида тамаки иситиш тизимларидан фойдаланиш даражаси 30−69 ёшдагиларга нисбатан 2,5 баравар юқори.