Тошкент вилояти Янгийўл туманида 4 январь куни экология давлат инспекторларига хизмат вақтида номаълум шахслар томонидан безорилик ҳаракатлари содир этилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар қилди.

Туманнинг Самарқанд маҳалласи ҳудудида туман экология бўлими бошлиғи А.Н. ҳамда бош мутахассис А.Ж. навбатдаги назорат рейд тадбирларини олиб бораётган бўлган. Шу вақтда 4 нафар номаълум шахс «Жигули» машинасида уларнинг йўлини тўсиб, хизмат фаолиятига тўсқинлик қилган.

Ходимлар ўзларини таништириш мақсадида хизмат гувоҳномаларини тақдим этган вақтда ҳуқуқбузарлар уларга ташланиб, турли тан жароҳатлари етказган ва кийимларини яроқсиз ҳолатга келтирган.

Инспекторларга Янгийўл тумани марказий шифохонасида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг аҳволи ўртача даражада дея баҳоланмоқда.

Ҳозирда ушбу ҳолат туман ИИБ томонидан ўрганилмоқда.