Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Франциянинг «Ланс» клуби футболчиси Абдуқодир Ҳусанов қишда жамоасини ўзгартиришни режалаштирмоқда. Унга Европанинг бир қатор топ клублари қизиқиш билдирмоқда.
20 ёшли марказий ҳимоячининг кетишини клуб спорт директори Пьер Дреосси ҳам тасдиқлади.
Декабрь ойида ўзбекистонлик футболчига Франциянинг «ПСЖ», Англиянинг «Тоттенҳэм» ва «Ньюкасл» клублари қизиқиш билдирганди. Январга келиб уларнинг сафига «Реал Мадрид» ва «Манчестер Сити» қўшилди. Шунингдек, ўйинчига «Байер», «Наполи», «Ювентус» ва Дортмунднинг «Боруссия» клублари ҳам қизиқаётгани ҳақида хабарлар мавжуд.
Журналист Фабрицио Романонинг ёзишича, Абдуқодир Ҳусанов қишки трансферлар ойнасида «Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиоланинг ҳимояни кучайтиришдаги асосий мақсадига айланган. Футболчининг «шаҳарликлар»га ўтиши бўйича музокаралар ҳал қилувчи босқичда.
Футболчининг отаси Ҳикматжон Ҳошимов, агент Ғайрат Ҳасбуллин ва Англия чемпиони вакиллари биринчи учрашувни ўтказган.
Футбол инсайдери Дэвид Орнштейннинг хабар беришича, «Ланс» футболчи учун 40 миллион евро олмоқчи. Трансфермарктда унинг нархи 12 миллион еврога баҳоланган.
Нега «Манчестер Сити» Ҳусановга қизиқмоқда?
«Манчестер Сити» кучли ҳимояга эга жамоа, аммо бу мавсумда ҳимоя уларнинг заиф нуқтасига айланди. Клуб 20 та учрашувда 27 та гол ўтказиб юборди, бу — сўнгги йиллардаги энг ёмон кўрсаткич. Қолаверса, ёши ўтиб бораётган асосий ҳимоячиларнинг жароҳати билан боғлиқ муаммолар «Сити»ни ёш истеъдодларни излашга мажбур қилмоқда.
Ҳусанов тезлиги, жисмоний кучи ва тажовузкор ўйини билан эътиборни тортди, деб ёзди Goal.com. «Шаҳарликлар» раҳбарияти уни истиқболли харид деб ҳисобламоқда ва трансферлар ойнаси ёпилгунига қадар шартномани якунлашга умид қилмоқда.
Ҳусановнинг карьераси
Ҳусанов фаолиятини Ўзбекистоннинг «Бунёдкор» клуби академиясида бошлаган, бироқ, мураббийларнинг фикрича, у жуда «кичик ва кучсиз» бўлган. 2022 йилда у Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клубига ўтган ва у ерда тезда асосий ўйинчига айланган.
2023 йилда Ҳусанов Ўзбекистон терма жамоаси билан турнир давомида фақат битта гол ўтказиб юбориб ёшлар ўртасидаги (U-20) Осиё кубогида ғолиб чиққан. У дунёнинг энг истиқболли ҳимоячилари рўйхатига киритилган. Кейинчалик у асосий терма жамоа аъзосига айланди.
Ўша йили «Ланс» Ҳусановни рамзий 100 минг евро эвазига жамоасига қўшиб олди . Дебют мавсумида у Лига 1 да 11 ўйин ўтказди, Чемпионлар лигасида икки марта, жумладан, «Арсенал»га қарши ўйинда майдонга тушди.
Французларнинг асосий марказий ҳимоячиси Кевин Дансонинг соғлиғидаги муаммолар туфайли Ҳусанов «Ланс»нинг асосий ўйинчисига айланди. Унинг ишончли ўйинлари жамоага Лига 1 даги энг яхши ҳимоялардан бири бўлишга ёрдам берди (16 ўйинда клуб 15 та гол ўтказиб юборди, фақат ПСЖда камроқ — 14 та).
Ҳусанов курашувчанлиги ва кучлилиги, шунингдек, вазни ва бўйи (85 кг ва 186 см) ҳисобга олинса, тезлиги билан ажралиб туради. Унинг 37 км/соат тезликка эришган эпизодлардан бири ижтимоий тармоқларда тарқалди.
https://twitter.com/Ligue1_ENG/status/1865698003618570608
«Капитан Финт» Telegram канали ўзбекистонликнинг ҳаракатлари бўйича статистик маълумотларни тақдим этди.
«Пас нуқтаи назардан, даҳшат. Ҳажми ва аниқлиги кам, хилма-хиллик ҳам оқсамоқда ва олдинга узатмалар етарли эмас. Дунёдаги энг яхши марказий ҳимоячиларнинг топ 23 фоизида бирорта бундай статистика йўқ. Ва бу 1450 дақиқалик ҳисобда. Ҳимоя нуқтаи назаридан, ёмон эмас. Тўпни олиб қўйиш бўйича Европадаги энг яхшиси (ҳар ўйинда ўртача 2,34 та), муваффақиятли ташланишлар, тозалашлар ва блоклар бўйича топ 15 фоизликда — ўртача. У яхши ўйнайди ва босим остида тўпни ўзида сақлаб қола олади, аммо ҳаводаги курашларда у фаввора эмас (топ 20−25 фоиз)», — дея канал ўзбекистонлик футболчининг ўйинини таҳлил қилди.
Championat.Asia спорт нашри бош муҳаррири Нарзулла Сайдуллаевнинг айтишича, Ҳусанов 8 январь куни «Ланс» машғулотларида қатнашган, агенти эса Ўзбекистонда.
«Ҳусанов янги клубга ўтиши учун иккаласи ўша мамлакатга бориши керак бўлади. Шундай экан, бугун ёки эртага қайсидир канал: „Шок хабар! Расман: Ҳусанов фалон клубга ўтди“, деб ёзса, ишонмай туринг», — дея огоҳлантирди у. Футболчининг «Ланс» билан шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган.
Ҳусановнинг ҳаракатлари тўплами