Арманистон ҳукумати мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу қарор мамлакат ҳукумати томонидан 9 январь, пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилинди, деб хабар берди РБК.
Энди қонун лойиҳаси мамлакат парламентига юборилади. Лойиҳани тақдим қиларкан, Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян «сўнгги йилларда Арманистон ва Европа Иттифоқи ўртасида етарлича интенсив ва динамик муносабатлар шаклланганини» айтди.
Бундай муносабатларга мисол сифатида Мирзоян Европа Иттифоқи томонидан «Арманистоннинг сиёсий қўллаб-қувватланиши»ни келтирди. У Европа Иттифоқи мамлакатда фуқаролик кузатувчилари миссиясини жойлаштирганини, Европа Иттифоқи эса Арманистоннинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилганини эслатди. «Арманистон Европа Иттифоқига иложи борича яқин бўлишга тайёр. Мен виза либераллаштиришнинг бошланиши ва Европа Иттифоқи билан қўлланилган ёки муҳокама қилинаётган бошқа бир қатор воситаларни назарда тутяпман», — деди у.
Никол Пашинян йиғилишда Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши тўғрисидаги қарор фақат умумхалқ референдуми орқали қабул қилиниши мумкинлигини айтди, деб ёзади Интерфакс. Бунгача Арманистон ва ЕИ «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиши керак, деди мамлакат бош вазири.
Европа Иттифоқи билан муносабатларни мустаҳкамлаш истаги ҳақида Арманистон ҳукумати 2024 йил февраль ойидан бери гапирмоқда. Ўтган йилнинг март ойида Арманистон ТИВ раҳбари мамлакатда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш имконияти фаол муҳокама қилинаётганини айтганди. Июль ойида Европа Иттифоқи Арманистон билан визасиз режим бўйича музокараларни бошлашга тайёрлиги маълум бўлган.