2024 йилнинг декабрь ойини булутли кунлари кўп бўлган қуруқ ва совуқ ой бўлди дея таърифлаш мумкин, деб хабар берди Ўзгидромет ахборот хизмати.
Республика ҳудудининг катта қисмида декабрь ойининг ўртача ойлик ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 1−2,5 даражага паст бўлди. Фақат республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида ҳарорат меъёрга яқин бўлди.
Ўзбекистонда совуқ декабрь ойлари ҳам тез-тез кузатилган, дейилади шарҳда. асрда 2002, 2006, 2011, 2012, 2020 ва 2022 йилларнинг декабрь ойлари совуқ (меъёрдан 2−4 даражага паст) бўлган.
Ўзбекистон ҳудуди бўйича 2024 йил декабрь ойида бир қатор совуқ ҳаво массалари кириб келиши кузатилди. Совуқ ҳавонинг энг юқори чўққисида ҳаво ҳарорати кечалари 8−13 даража совуққача, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг шимолида 15−17 даража совуққача, кундуз кунлари 0−5 даража совуққача пасайди.
Инфографика: Ўзгидромет
Декабрь ойида бундай совуқлар ҳар йили ҳам кузатилмайди. Тўғри, совуқ ҳаво оқимлар кириб келади, бироқ улар кўпинча қисқа муддатли (1 кечадан 3 кечагача) бўлади, дейилади Ўзгидромет хабарида.
2024 йилнинг декабрь ойида иссиқ ва қуёшли кунлар сони жуда кам — ойнинг ўрталарида ва охирида қисқа даврларда кузатилди. Бундай кунларда максимал ҳаво ҳарорати 12−17 даража илиққача, энг чекка жанубда 20 даража илиққача кўтарилди. Республика шимолида, ҳатто энг илиқ кунларда ҳам ҳарорат 7−10 даража илиқдан юқори бўлмади.
Тошкентда 2024 йилда декабрь ойининг максимал ҳарорати 16,2 даража илиқни ташкил этган бўлиб, асрдаги энг юқори декабрь ойи ҳарорати эса 2021 йилда 23,4 даража илиқ (барча кузатув йиллари учун мутлақ максимум 1915 йилда 27,3 даража) кузатилган эди.
2024 йил декабрь ойи қуруқ бўлди, дейилади шарҳда. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик декабрь ойи учун ойлик меъёрдан 70 фоиздан кам бўлди. Текислик ҳудудлар бўйича декабрь ойида ёғингарчилик ёмғир ва қор кўринишида кузатилди.
Асосан қор шаклидаги энг жадал ёғингарчиликлар 15 ва 20 декабрь кунлари кузатилди. Қор ёққандан сўнг, текислик ҳудудларда баландлиги 2 см дан 10 см гача, баъзи жойларда 12−16 см гача бўлган беқарор қор қоплами ҳосил бўлиб, у бир неча кун сақланиб турган.
Тошкент вилояти тоғларида қор ёққандан сўнг қор қопламининг максимал баландлиги 30−60 см га, Қашқадарё вилоятининг тоғли ҳудудларида ва Қамчиқ довони ҳудудида 15−25 см га етган.
Декабрь ойи охирига келиб, фақат Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда қор қоплами баландлиги ўртача кўп йиллик кўрсаткичларга нисбатан 70−100 фоизга етди, бошқа тоғли ҳудудларда меъёрнинг 30−60 фоизни ташкил этди.