2025 йилдан бошлаб меҳнат самарадорлигига эришган тиббиёт ходимларига қўшимча устама тўланиши режалаштирилмоқда. Бу жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.
Қайд этилишича, бунинг учун тиббиёт ходимлари меҳнат самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари ишлаб чиқилади ва самарадорликка эришган ходимларнинг ойлик маошларига қўшимча устама жорий этилади.
Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 26 ноябрь куни Қонунчилик палатасининг мажлисида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг иш ҳақини ошириш тўғрисидаги саволга жавоб бераркан, шифокорларни сертификатлаш, уларнинг малакасини баҳолаш таклифини берганди.
«Савол шундаки, агар биз барча ходимларнинг иш ҳақини 15 фоизга, 40 фоизга ёки 50 фоизга оширсак, бу кутилган натижани берадими? Замон билан ҳамнафас, юқори малакали, ўз ишини сидқидилдан бажараётган тиббиёт ходимларининг ойлик маошини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Очиғини айтсам, ҳозир бизда ечим йўқ, акс ҳолда буни айтган бўлардик. Биз бунинг устида ишлаяпмиз. Мен ўз фикримни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Асосий муаммо кимга ва нима учун юқори маош тўлаш кераклигини аниқлашдир. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз», — деган Жамшид Қўчқоров.
Январь-сентябрь ойлари якунларига кўра (1 октябрдан иш ҳақининг ошиши ҳисобга олинмаган) Ўзбекистонда ўртача номинал иш ҳақи 5,1 миллион сўмдан ошган. Ўсиш суръати 18,5 фоиздан 16,4 фоизгача секинлашди.
Энг паст ўртача ойлик иш ҳақи ҳамон соғлиқни сақлаш соҳасида — 2,92 млн сўмдан 3,3 млн сўмгача (ўтган йилдаги 16,4 фоизга нисбатан 12,9 фоизга ўсиш) ва таълим соҳасида — 3,05 млн сўмдан 3,48 миллион сўмгача (17 фоизга нисбатан 14,3 фоиз ўсиш) қолмоқда. Ўқитувчи ва шифокорлар иш ҳақининг ўсиш суръати ҳам бироз секинлашди, натижада бу соҳалардаги иш ҳақи билан республика даражасидаги иш ҳақи ўртасидаги фарқ ошди.
Декабрь охирида Шавкат Мирзиёев билан учрашувда 2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари оширилиши, оилавий шифокорларга меҳнат самарадорлиги асосида устама тўлаш тартиби жорий қилиниши айтилганди.