8 январь, чоршанба куни Тошкент ҳайвонот боғидаги жирафа ошқозон буралиши туфайли нобуд бўлди, дея хабар берди боғ маъмурияти.

«Биз жирафани сақлаб қолиш учун барча даволаш усулларини қўлладик. Жумладан, халқаро ветеринария видеоконференцияларида иштирок этган мутахассисларнинг ёрдами ва хорижий ҳамкасблар билан ўтказилган маслаҳатлашувдан фойдаландик», — дейилади хабарда.

«Афсуски, энг ёмон тахмин тасдиқланди: патологанатомик текширув натижалари жирафанинг ўлимига ошқозон буралиши сабаб бўлганини кўрсатди. Барча ҳаракатларимизга қарамай, натижа фожиавий бўлди. Жирафаларнинг анатомик ва физиологик хусусиятлари туфайли, уларнинг ошқозон-ичак тизимида жарроҳлик амалиётларини ўтказиб бўлмайди. Чунки жаҳон амалиётида бундай касалликларни муваффақиятли даволаш ҳолатлари мавжуд эмас», — дея қайд этди зоопарк.

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи.Фото: Тошкент ҳайвонот боғи.

6 январь куни ҳайвонот боғи жонивор 11 кундан буён суюқлик ичишдан бош тортаётгани ва кучсизланиб бораётгани ҳақида хабар берганди.

«Бизнинг жирафамизда касаллик белгилари пайдо бўлганда ва „ошқозон атонияси“ ташхиси қўйилганда, ҳайвонот боғи ходимлари ва ветеринарлар дарҳол даволаш ишларини бошлашди. Шу билан бирга, Россия ва Эстониядаги жирафалар бўйича етакчи ветеринарлардан маслаҳат олинди ва видео конференция ўтказилди», — дейилади ташкилот хабарида.

«Ошқозон атонияси юқумсиз касаллик бўлиб, унда ошқозон қисқариш фаолияти тўхтайди. Ҳайвонот боғида яшовчи жирафалар учун бу касаллик жуда хавфли ҳисобланади. Билсангиз керак, сигир ёки қўй каби уй ҳайвонларида бундай муаммолар одатда ортиқча овқатланиш ёки сифатсиз ем ейиш туфайли юзага келади. Уй ҳайвонларида бу касаллик аниқланиб, уларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилса, тез тузалиб кетишади. Аммо ёввойи жирафаларда вазият бошқача. Улар одамларни яқинига йўлатмайди. Уларни ушлаб туриш ёки қимирлатмай туриш (иммобилизация қилиш) эса жирафаларнинг физиологик ва анатомик хусусиятлари туфайли жуда хавфли ҳисобланади. Шу сабабли, айниқса, ошқозон-ичак касалликларини даволаш жуда мураккаб бўлади», — деди ҳайвонот боғи бош ветеринари Маҳмуд Қўзибоев.

Ҳозирда Тошкент ҳайвонот боғида иккита жирафа қолди.

2022 йил август ойида зоопаркда ўша пайтдаги ягона бўлган (ва ҳайвонот боғи тарихидаги биринчи) Алатау лақабли жирафа вафот этганди. Ўлимга ўн икки бармоқли ичакнинг туғма нуқсони туфайли ҳосил бўлган тимпания натижасида юзага келган мия ишемияси сабаб бўлган.