Ўзбекистонда 2025 йилда «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган президент фармони лойиҳасида гап боради.
Ҳужжатда айтилишича, аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш орқали мамлакатда «Экофаол фуқаро» ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади.
Бунда унинг асосий тамойиллари этиб қуйидагилар белгиланади:
- аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш;
- «яшил транспортда», шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш;
- пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш;
- озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш;
- сув, газ ва электр энергияси ресурсларидан оқилона фойдаланиш.
2025 йилдан бошлаб тиббиётнинг бирламчи бўғинида қуйидагиларни назарда тутувчи трансформация босқичма-босқич амалга оширилади:
- оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари ва маҳалла тиббиёт пунктларида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг самарали тизимини жорий этиш;
- кўп тармоқли марказий поликлиникалар фаолиятини марказий шифохоналарнинг маслаҳат диагностика поликлиникаси сифатида йўлга қўйиш;
- марказлашган лабораториялар ташкил этиш, стоматология хизматини аутсорсинг асосида хусусий секторга бериш, шифокор қабулига навбатни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;
- тиббиёт ходимлари меҳнат самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини ишлаб чиқиб, самарадорликка эришган ходимларнинг ойлик маошларига қўшимча устамани жорий этиш;
- вилоят даражасидаги ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт муассасаларини бошқарув, молия ва ташкилий жиҳатдан замонавий кўп тармоқли клиникалар шаклида қайта ташкил этиш.
Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши каби таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича етакчи олий таълим ташкилоти этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Лойиҳага кўра, университетда «циркуляр иқтисодиёт» таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида университетнинг «яшил техникумлари» фаолияти ташкил этилиши мумкин.
Бундан ташқари, табиий фанлар, муҳандислик-техника, иқтисодиёт ва молия йўналишларидаги давлат олий таълим ташкилотларида «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш» фани ва ўқув дастурлари киритилади.
Олий таълимда грант ўринларини босқичма-босқич ошириш ҳисобига аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик-техника, хизматлар, тиббиёт каби соҳаларда давлат буюртмаси 25 мингтага етказиш режалаштирилган.