Гулбаҳор Изентаева И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори лавозимига тайинланди, деб хабар берди KRuz.uz.

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси, рассом Жоллибой Изентаевнинг қизи Гулбаҳор Изентаева аввалроқ Қорақалпоғистон туризм бошқармасига раҳбарлик қилган. Бундан ташқари, у 2017 йил февраль ойидан 2021 йил бошигача Савицкий номидаги музей директори лавозимида ишлаган.

2018 йил июль ойида Александр Шевченконинг «Челак кўтарган аёл» картинаси сув ўчириш тизими нотўғри ишлагани туфайли шикастланган. Ўшанда маданият вазири ўринбосари Камола Акилова меъёрларга риоя этмагани учун қурувчи ва лойиҳачиларни (музейларда сувли эмас, газли ёнғин ўчириш тизими бўлиши керак), ҳодиса учун эса музей раҳбариятини айблаганди, чунки масъуллар вазирликни воқеа ҳақида ўз вақтида хабардор қилмаган ва залларда тунги навбатчиликни назорат қилмаган.

2019 йилда Савицкий номидаги музей директори лавозимига халқаро танлов ўтказилди. Унда Москва Рерихов музейи директори Тигран Мкртичев ғалаба қозонди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли у 2021 йилнинг январь ойидагина ўз вазифасини бажаришга киришди. Тигран Мкртичевнинг шартномаси 2024 йил декабрь ойида якунланган.

Сўнгги уч йил ичида музей рассом Роберт Фальк ва унинг ўғли Валерий Фальк асарлари, Ўрол Тансиқбоевнинг илк ижод намуналари, шунингдек, Орол денгизига бағишланган «Сув хотираси» каби йирик кўргазмаларни ўтказди.

Бундан ташқари, Савицкий номидаги музей мамлакатнинг турли шаҳарларида элчилар дастурини ишга туширган. Уларнинг вазифаси Нукус музейининг машҳурлигини ва қорақалпоқ маданиятига бўлган қизиқишни оширишдан иборат. «Газета.uz» бу лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берганди.