Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси Бош прокуратурани вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга чақирди.

Nemolchi.uz болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг ҳаракатлари тергов томонидан, кейин эса суд томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик — жинсий зўравонлик сифатида таснифланаётганига эътибор қаратди.

2023 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган жинсий зўравонлик (41−1) моддасида биринчи марта жинсий характердаги номақбул хатти-ҳаракатларнинг содир этганлик учун 5 сутка, такроран содир этганлик учун 15 сутка жазо назарда тутилади.

16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги модда жиноий (129) бўлиб, анча оғирроқ жазони, жумладан, максимум 8 йилга озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Шу билан бирга, Олий суди пленуми 2018 йилда (2023 йилдаги ўзгартиришлари билан) «16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик кўринишидаги уятсиз-бузуқ ҳаракатлар ЖКнинг 129-моддаси билан квалификация қилиниши лозим»лигини белгилаб берган эди. Яъни 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганларга зўравонлик ЖКнинг тегишли моддаси бўйича кўриб чиқилиши керак.

Аввалроқ, 2024 йил 14 октябрь куни Nemolchi.uz ушбу муаммо юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилган эди.

«Вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ хатти-ҳаракатлар содир этган шахслар мутаносиб жазодан қутулиб қолмоқда — терговчилар ва судялар қонунга зид равишда кўпинча бу жиноий ҳуқуқбузарликни жинсий зўравонлик кўринишидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида кўриб чиқмоқда», — деб таъкидлаган лойиҳа уларнинг аввалги мурожаати эътиборсиз қолдирилганини айтиб.

«Аввалги ишлар кўриб чиқилмаган, худди шундай амалиётлар эса ҳамон давом этмоқда — ёш болаларга уятсиз ҳаракат қилган шахслар кўпинча [жинсий зўравонлик] моддаси бўйича 3−5 суткалик маъмурий қамоқ олмоқда», — дейди фаоллар.

Зўравонликка қарши лойиҳа бундай ҳолатларга мисоллар келтирди:

2024 йил 22 июль куни 1991 йилда туғилган О.Хусанов бир уйда яшовчи аёл шеригининг вояга етмаган қизи (ўша йилнинг июль ойида 15 ёшга тўлган) билан ёлғиз қолиб, уни безовта қилган, йигитлар билан учрашганда тажриба орттириши учун қизга ўпишишни таклиф қилган. У МЖТКнинг 41−1-моддасида («Жинсий зўравонлик») назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, 5 суткага қамалган.

26 сентябрь куни маст ҳолатдаги 45 ёшли Ғайрат Абдуллаев вояга етмаган қизга яқинлашиб, унинг юзи ва лабларидан ўпа бошлаган, сўнг уни кўтариб, подъездга олиб кирган. Бироқ тергов ва суд буни уятсиз ҳаракатлар эмас, балки безорилик деб ҳисоблаган. Эркак МЖТКнинг 41−1-моддасига асосан 5 суткага ҳибсга олинган.

19 август куни 24 ёшли такси ҳайдовчиси Д.Шералиев уч нафар йўловчи аёлни безовта қилиб, уларга презерватив кўрсатган. Қурбонлар 14−15 ёшларда бўлган, бироқ улардан бирининг онаси хабар беришича, на терговчи, на судья қизларнинг ёшини сўрамаган. Ҳайдовчи 41−1-модда бўйича айбдор деб топилиб, 5 суткага маъмурий қамоққа олинган.

Бундай малакалашнинг сўнгги мисолларидан бири — Бухоро вилоятида икки жияннинг амакиси Ф.М. ишдан келиб ички кийимини ечган ва қизларни массаж қилишга мажбурлаб, агар рад этса, жазолаш билан таҳдид қилган. Суд Ф.М.ни МЖТКнинг 41−1-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 3 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

«Жинсий зўравонликка учраган болалар ҳимоясини заифлаштиришдан ташқари, 41−1-модда бошқа ҳолларда жиноий жавобгарликни истисно қилиш учун ҳам қўлланиши мумкинлигини аниқладик», — деб ёзади Nemolchi.uz.

Жумладан, 2024 йил 6 январда Жиноят ишлари бўйича Кўкдала тумани суди Ф.Исмоиловга нисбатан ишни кўриб чиққан. Иш материалларига кўра, у Telegram гуруҳида муайян аёл ҳақида хабар жойлаштирган ва унда уни фоҳиша деб атаб, бир вақтнинг ўзида икки ёки уч эркак билан учрашаётганини айтган.

«Тергов ҳам, суд ҳам ушбу хабарни жинсий зўравонлик сифатида кўриб, буни МЖТКнинг 41−1-моддаси билан квалификация қилди. Ф.Исмоиловнинг 4 нафар вояга этмаган фарзанди борлиги инобатга олиниб, у махсус тергов изоляторида сақлаш харажатларидан озод этилди ва унга 4 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Аммо бу иборалар шаҳвоний иштиёқ хусусиятига эгалиги ёки аёлга нисбатан ҳақорат ва туҳмат эканини аниқлайдиган суд-лингвистик экспертиза ўтказилмаган», — дея таъкидлади фаоллар.

Интернет орқали содир этилган туҳмат ва ҳақорат Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддаларида назарда тутилган жиноий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиб, катта миқдорда жарима, жамоат ишлари ёки ахлоқ тузатиш ишлари, ҳаттоки озодликни чеклаш каби жазоларни ҳам назарда тутади.

«МЖТКнинг хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 41−1-моддаси қонунийлик, адолат ва жавобгарликнинг муқаррарлиги каби тамойилларга путур етказиши мумкинлигига яна бир бор эътиборингизни қаратамиз», — таъкидлади фаоллар.

Nemolchi.uz зўравонликка қарши лойиҳаси Бош прокуратурадан ушбу модда бўйича қабул қилинган суд қарорларини таҳлил қилиб, зарур ҳолларда тегишли протест билдиришни сўрайди.