Ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш мақсадида 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ов қилишга мораторий (чеклов) жорий қилиниши мумкин. Бу 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.
Ушбу таклифни Экологик партия, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Фанлар академияси ва кенг жамоатчилик бергани таъкидланган.
Бунда:
- мораторий фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик питомниклари ва ҳовуз хўжаликларида сақланаётган ва (ёки) етиштириладиган ёввойи ҳайвонларни овлаш ҳамда санитар мақсадларда ов қилишга татбиқ этилмайди;
- овчиларга муқобил машғулот сифатида ҳудудларда ўқ отиш спортига ихтисослаштирилган махсус полигонларда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади;
- шаҳарлардаги табиий сув ҳавзалари ихтиофаунасининг популяциясини қайта тиклаш мақсадида республиканинг марказий шаҳарларидан оқиб ўтувчи дарё ва сойларда 2025 йилдан бошлаб, ҳар йили 15 тоннадан кам бўлмаган чавоқлантириш ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари лойиҳага 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш учун тасдиқланган квоталар ҳамда ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномаларни электрон аукцион орқали бериш жорий этилиши киритилган. Бунда:
- квоталар Фанлар академияси томонидан ҳар йили аниқланадиган ўсимлик захираси асосида шакллантирилади;
- квота ва рухсатномалар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тасдиқланиб, аукционга чиқарилади.
Мазкур банднинг сўзсиз, сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминлашга масъул этиб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдухакимов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимлари белгиланган.