Россия ҳарбийларининг Запорожьега ҳаво ҳужуми оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 113 киши яраланди, дея хабар берди Украина расмийлари.
Шаҳар 8 январда куннинг иккинчи ярмида ҳужумга учради. Украина Ички ишлар вазирлиги зарбалар бошқариладиган иккита ФАБ-500 авиабомбалари томонидан берилганини маълум қилди. Улар инфратузилма объектининг маъмурий қисми ва йўл яқинида портлаган. Жабрланганларнинг аксарияти бу вақтда кўчада ва жамоат транспортида бўлган, дея аниқлик киритди вазирлик.
Запорожье вилояти ҳарбий маъмурияти томонидан эълон қилинган зарба жойидан олинган фотосуратларда ёнаётган автомобиллар, трамвайлар ва ойналари синган йўналишли таксиларни кўриш мумкин, шунингдек, биноларнинг олд томони ёниб кетгани ва жабрланганлар ҳам кўринади.
Украина фавқулодда вазиятлар хизмати жами тўртта маъмурий бино, 27 та автомобиль ва трамвайга зарар етказилганини маълум қилди.
«Бу шаҳарга, оддий одамларга тўғридан-тўғри ҳужум эди. Россия армиясининг мутлақ қасддан қилинган зарбаси. Бу Россия аслида нимани хоҳлаётганини яна бир бор кўрсатади. Улар фақат урушни ва фақат қурбонларни хоҳлайди», — деди Украина президенти Владимир Зеленский.
Россия Мудофаа вазирлиги Запорожьега берган зарбасини изоҳламади.