Энергетика вазирлигида тадбиркорлар билан электромобилларни қувватлантириш станциялари билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.
Унда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов, Бош прокуратура, «Ўзэнергоинспекция», Кадастр агентлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» (ҲЭТ), «Яшил Энергия» вакиллари ҳамда зарядлаш станциялари бозори иштирокчилари, жумладан, Tok Bor, Megawatt Energy, GreenTE, Q.Watt, TezTok, Mustang Energy, Voltauto, EBB Charging ва Spectre Energy қатнашди.
«Субистеъмолчи сифатида аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган компаниялар ўзлари дуч келган муаммолар ҳақида гапириб беришди. Тегишли мутасаддиларнинг бу борадаги изоҳлари тингланди», — дейилади бошқарма хабарида.
Вазирлик вакиллари яна бир бор ташкилот объектлар фаолиятини тўхтатиш бўйича буйруқ бермагани, аксинча, мамлакатда электромобиллар инфратузилмасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шу билан бирга, тадбиркорларга энергетика соҳасида қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрларга қатъий риоя этиш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбир якунлари бўйича таклиф қилинган ташаббусларни ўрганиш ва муҳокамаларни мунтазам давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилинди, дейилади хабарда. Тадбиркорлар ва соҳа мутахассисларининг фикр ва таклифлари тингланиб, уларни ўрганишга келишилди.
Учрашув иштирокчиларидан бирининг «Газета.uz»га айтишича, учрашув умуман олганда ижобий ўтган.
«Қувватлаш станцияларини узиш бўйича ким буйруқ берганини тўлиқ аниқлашнинг имкони бўлмади, бироқ аввал ўчирилган объектларни қайтадан улаш лозимлиги айтилди. Керакли ҳужжатлар етишмаётган бўлса, тадбиркорларга уларни йиғиш учун бир ойга яқин вақт берилади. Биз Энергетика вазирлиги қандай ҳужжатлар ҳақида гапираётганига ойдинлик киритишни сўраганимизда „улар ҳақида гапиришга ҳали эрта“ деган жавоб олдик. Ўйлашимча, душанба кунига қадар вазият ойдинлашади ва қандай тартиблар таклиф қилинаётгани маълум бўлади. Айни пайтда жамоамиз ушбу масалалар устида иш бошлади ва тафсилотларга аниқлик киритмоқда», — деди у.
Томонлар зарядлаш станцияларини қонунийлаштириш билан боғлиқ қийинчиликларни ҳам муҳокама қилган. Кадастр агентлиги ҳали жарима қўлламаслигини, бироқ ҳозирги босқичда объектларни қонунийлаштира олмаслигини билдирган.
«Вазият музлатиб қўйилганга ўхшайди — масала ҳозирча тўхтаб турибди. Эҳтимол, Кадастр агентлиги юқорироқ даражада ечим излар», — деди компаниялардан бирининг вакили.
Шунингдек, у 8 декабрь куни станцияларни қайта улаш учун масъул этиб тайинланган ҲЭТ вакили билан учрашув бўлиб ўтганини айтди. Тадбиркорнинг тасдиқлашича, қувватлаш шоҳобчаларининг фаолияти тиклана бошлаган.
Воқеалар ривожи
Тошкентдаги электромобилларни қувватлантириш шоҳобчаларининг мажбурий тўхтатилиши ва бузиб ташлаш талаблари декабрь ойи ўрталарида маълум бўлган эди. Ўшанда «Газета.uz» электр шоҳобчалари операторлари билан содир бўлган воқеа сабаблари ва соҳа учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни муҳокама қилган (рус тилида).
ЎзЛиДеП депутати Нуриддин Султонов Энергетика вазирлиги ва Кадастр агентлигига Тошкент шаҳрида электромобилларни қувватлаш станциялари фаолияти тўхтатилиши сабаблари ва уларни демонтаж қилиш талабига ойдинлик киритишни сўраб депутатлик сўрови юборди.
2 январь куни энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов декабрь ойида «тегишли идоралар» рейд ўтказгани, унинг давомида бир қанча қувватлантириш станциялари ўчирилганини тасдиқлади. Бироқ вазирлик аралашувидан сўнг уларнинг бир қисми қайтадан электр тармоғига уланган.
«Фақат техник ва бошқа талабларга жавоб бермайдиган 11 та [электромобилларни қувватлантириш] станцияларига ҳужжатлаштириш масалаларини ҳал қилиш учун вақт берилди. Бугунги кунда улар ҳам тармоққа уланган, Тошкент шаҳрида бирорта ҳам ўчирилган қувватлантириш станцияси йўқ», — деганди энергетика вазири ўринбосари.
Spot 4 январь куни Энергетика вазирлиги раҳбари ўринбосарининг баёнотларига қарамай, барча зарядлаш станциялари тармоққа қайта уланмагани ҳақида хабар берди.