Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси катта тезкор ходими 10 минг доллар олган вақтида ушланди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Қайд этилишича, ходим бошқарманинг Жиноят қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор ходими сифатида ишлаб келган.
У ўзининг мансабдор танишлари орқали Самарқанд шаҳар ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида бўлган Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят ишида айбланувчи 30 ёшли шахсга тегишли қисмини Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига асосан тугатишни ваъда қилган.
Шунингдек, мазкур ишдаги 21 ёшли фуқарога нисбатан «уй қамоғи» эҳтиёт чорасини қўллаган ҳолда уни озодликда қолдиришни ваъда қилган. У булар учун 10 минг доллар олган вақтида ушланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25−168-моддаси 3-қисми «а» банди (Кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28−211-моддаси 2-қисми «б» банди (Кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.