Ўзбекистонда таълим жараёни иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.

Сентябрь ойига қадар мактабда таълим олувчиларга нисбатан зўравонликка мойиллиги мавжуд педагог кадрларни аниқлаш ва уларга психологик ёрдам бериш механизмларини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, буллинг, суицид, вояга етмаганлар жиноятини олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш бўйича педагог кадрлар учун махсус курс ва дастурлар ишлаб чиқилади.

Ўқитувчиларнинг касбий сўнишининг олдини олиш, стрессларга бардошлилик даражасини оширувчи симулятор ва кейслар яратиш ҳам назарда тутилган.