Ўзбекистон Henley & Partners халқаро консалтинг компаниясининг паспортлар бўйича Henley Passport Index рейтингида аввалги ўрнини сақлаб қолди.

Ўтган йил охирида Ўзбекистон паспорти 199 давлат орасида Куба билан бирга 80-ўринни эгаллаганди. Индексга кўра, ўзбекистонликлар дунёнинг 62 давлатига визасиз бориши ёки етиб борганида виза олиши мумкин.

2024 йилда Ўзбекистон БАА, Таиланд, Ўмон, шунингдек, Хитой билан визасиз режим тўғрисида шартномалар тузди. Сўнгги 15 йил ичида фуқаролар учун визасиз йўналишлар сони қарийб учдан бирга кўпайди — 2010 йилдаги 47 тадан 62 та давлатга етди, деб ёзади Spot.

Ўзбекистон паспорти амалда барча МДҲ давлатларидан ортда қолмоқда. Хусусан, Украина 30-ўринда (148 давлатга бориши мумкин), Молдова 44-ўринда (122), Россия 46-ўринда (116), Беларусь 62-ўринда (81 давлат), Қозоғистон 65-ўринда (77), Озарбайжон 70-ўринда (72), Арманистон 74-ўринда (68), Қирғизистон 78-ўринда (64). Шунингдек, Тожикистон 84-ўринда (58), Туркманистон эса 92-ўринда (50).

Сингапур паспорти 2025 йилда дунёдаги энг кучли паспортга айланди, унинг эгалари визасиз саёҳат қилишлари ёки дунёнинг 195 мамлакати ва ҳудудига борганларида визани олишлари мумкин.

Тадқиқот натижаларига кўра, Япония иккинчи ўринни эгаллади, бу мамлакат фуқаролари визасиз 193 та йўналишга эга.

Учинчи ўринда Финляндия, Франция, Италия, Германия, Жанубий Корея ва Испания жойлашган бўлиб, уларнинг фуқаролари 192 та давлат ва ҳудудга визасиз ёки виза билан саёҳат қилиш имконига эгадир. Тўртинчи ўринни Австрия, Дания, Ирландия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия ва Швеция эгаллади, бу мамлакатлар фуқаролари 191 та давлатга визасиз кириши мумкин. Топ 5 таликни Белгия, Янги Зеландия, Португалия, Швейцария ва Буюк Британия ёпиб беради, уларнинг паспорти эгалари 190 та давлатга визасиз саёҳат қила олади.

Биринчи ўнталикка қуйидаги давлатларнинг паспортлари кирган: Австралия, Греция (189 давлат), Канада, Мальта, Польша (188 давлат), Чехия, Венгрия (187 давлат), Эстония, АҚШ (186 давлат), Латвия, Литва, Словения ва БАА (185 давлат).