Ўзбекистон ва Қозоғистон янги — Остона-Самарқанд йўналиши бўйича поезд қатновини йўлга қўйишни режалаштирмоқда, дея хабар берди «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ матбуот хизмати.

Остона шаҳрида АЖ раҳбариятининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди, унда «Йўловчи ташиш» («Казакстан темир жоли» шуъба корхонаси) ва «Ўзтемирйўлйўловчи» ўртасида йўловчи ташишни ривожлантириш ва икки давлат ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида туристик поездларнинг ҳаракатланиши бўйича келишув имзоланди ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. «Жибек жоли» сайёҳлик поезди қатновининг йўлга қўйилиши биринчи қадамлардан бири бўлди, дейилади хабарда.

«Томонлар, шунингдек, сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришда муҳим қадам бўладиган янги халқаро йўналишлар, жумладан, Остона-Самарқанд йўналишларини очиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди».

Ўзбекистоннинг таклифига кўра, Олмаота-Тошкент поездининг қатнов жадвали қайта кўриб чиқилди, бу эса йўловчилар учун жўнаш ва келиш вақтини янада қулайлаштирди, дея таъкидлади АЖ.

Ўтган йил давомида Олмаота-Тошкент поездида 72 мингдан ортиқ йўловчи ташилган, бу эса «йўналишга бўлган қизиқишнинг юқорилигини кўрсатади». Мамлакатлар ўртасидаги йўналиш узунлиги 988 километрни ташкил этади.

«Жибек жоли» темирйўл сафари «Казакстан темир жоли» таркибига кирувчи «Йўловчилар ташиш» компанияси томонидан «Kazakh Tourism» билан ҳамкорликда ташкил этилган. Биринчи таркиб ноябрь ойида Олмаотадан Тошкентга 4 кунлик гастроль сафарини амалга оширган, деб ёзади Spot.

Қозоғистон ва Ўзбекистон «Жибек жоли» сайёҳлик поезди йўналишини Самарқандгача узайтиришга келишиб олган. Поезд 3 январь куни Олмаотадан йўлга чиққан. 100 дан ортиқ сайёҳ Туркистон, Тошкент, Самарқандга, ортга қайтишда эса Чимкентга ташриф буюриши мумкин бўлган.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2027 йилда ишга туширилиши кутилаётган янги темирйўл қурилиши ҳақида ёзгандик. Линиянинг қурилиши мавжуд Сариағаш-Тошкент участкасидан юкларни янги тармоққа йўналтириш ва Ўзбекистонга экспорт ташиш ҳажмини ошириш имконини беради.