Ушбу шарҳ асосан «Ўзгидромет»нинг, шунингдек, қўшни мамлакатлар ва халқаро иқлим бюроларининг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

«Ўзгидромет»нинг январь ойи учун тақдим этган об-ҳаво прогнозига кўра, ойнинг биринчи 15 кунлигида минтақага мавсум учун аномал совуқ ва аномал иссиқликни тақдим этувчи ҳаво тўлқинлари кириб келиши эҳтимоли йўқ.

Январь бошида кучли совуқлар кузатилмайди. Ойнинг бошқа кунлари эса совуқ тўлқинларнинг минтақага таъсири натижасида ҳаво ҳарорати тунда шимолий ҳудудларда -15 даражагача, бошқа ҳудудларда эса -8 даражагача совуқ бўлиши, ана ўшандай совуқликларнинг фаол таъсир этиш пайтларида Ўзбекистоннинг катта қисмида тунги минимумлар −10…−12 даража, шимолда -20 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Прогнозларга кўра, айрим кунларда кундузи ҳаво ҳарорати +10…+15 даражагача илиқ бўлиши ҳам мумкин. Об-ҳаво бюросининг хабарида ой давомида умумий ҳарорат фони илиқ, меъёр даражасида ёки совуқ бўлиши ҳақидаги қайдлар йўқ бўлса-да, юқорида таъкидланган прогноз рақамларидан келиб чиқиб, 2025 йилнинг январида ҳаво ҳарорати меъёр атрофида бўлишини тахмин қилиш мумкин.

«Ўзгидромет» ёғингарчилик масаласида январь ойи қуруқ, меъёр даражасида ёки сернам бўлишига доир кутилмаларни ҳам очиқламаган.

Январь — йилнинг энг совуқ ойи

Умуман олганда, январь Ўзбекистондаги энг совуқ ой ҳисобланади. Январда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати жанубий вилоятларда (хусусан, Шеробод метеостанцияси маълумотларига кўра) +6 даражагача илиқни, баланд тоғли ҳудудларда (хусусан, Ойгаинг метеостанциясида) эса -10 даражагача совуқни ташкил этади.

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида метеокузатувлар бошланганидан кейинги даврдаги деярли ҳар бир ҳудуд учун мутлақ энг паст ҳарорат ҳам айнан январда қайд этилган. Масалан, Қорақалпоғистоннинг Қорақалпоқ посёлкасида 1972 йил январда ва Жаслиқ посёлкасида 1977 йил январда бир хил — -38,6 даража совуқ ҳарорат рўйхатга олинган. Бу Ўзбекистон ҳудудида ҳозиргача кузатилган энг паст ҳароратдир.

Ҳаводаги намликнинг йил давомидаги энг юқори қиймати ҳам айнан январь ойида кузатилади. Айни вақтда, Тошкентда ҳаво сифатининг ёмонлашуви билан боғлиқ кўрсаткичлар ҳам айнан январда энг юқори даражага чиқади. Бундан ташқари, декабрни ҳисобга олмаса, ўртача ойлик атмосфера босими ҳам бошқа ойларга нисбатан юқори бўлади — антициклонал жараёнларнинг минтақага тез-тез кириб келиши вақтида қон босими билан оғриган беморлар саломатлигига хавф пайдо бўлади.

2025 йилнинг январь ойи учун батафсил об-ҳаво шарҳига киришишдан аввал, 2024 йилнинг декабрь ойи бўйича тайёрлаган шарҳимиз ўзини қанчалик оқлаганини кўриб чиқсак.

Декабрь ойида об-ҳаво қандай бўлди?

Ноябрь охирида эълон қилган ойлик об-ҳаво шарҳимизда декабрнинг биринчи ўн кунлиги совуқ, иккинчи ўн кунлиги меъёр атрофида, учинчи ўн кунлиги эса меъёрдан аста-секин кўтарилиб бориши кутилаётганини таъкидлаб ўтгандик.

Ойнинг биринчи ва учинчи ўн кунлиги учун берилган маълумотлар прогнозлар ўзини оқлади, аммо иккинчи ўн кунлик учун бундай деб бўлмайди. Декабрда умумий ҳарорат фони ой давомида умуман мамлакат бўйича меъёрий, айрим ҳудудларда ҳатто меъёрдан бироз юқори бўлиши тахмин қилинган эди. Аммо декабрнинг иккинчи ўн кунлиги учун берилган кутилмалар ўзини у даражада оқламади ва шу боис 2024 йил декабрь ойида ҳаво ҳарорати меъёр ва меъёрдан бироз паст бўлишига сабаб бўлди.

Бу эса энергетика тармоқларига сезиларли юклама келтириб чиқарди — айнан декабрнинг иккинчи ўн кунлиги бошларидан ҳудудлардаги метан газ заправкалари фаолиятига чекловлар киритилди. Ойнинг учинчи ўн кунлигида эса ҳарорат кўтарилиб борди, Янги йил байрами арафасида илиқ ҳаво кузатилди.

Халқаро даражада катта обрў-эътиборга эга об-ҳаво марказларидан бири — Япония реанализ маркази бирламчи маълумотларига кўра, 2024 йилнинг сўнгги ойи ҳарорат режими бўйича жаҳон тарихидаги энг иссиқ иккинчи декабрь бўлди. Ҳатто бизга яқин ва совуқлар кириб келадиган шимолдаги асосий мамлакатлар, хусусан, Қозоғистон ва Россияда ҳам ўтган декабрь жуда илиқ келди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда декабрда кузатилган совуқлик тўлқинларнинг узоқроқ давом этиши фақат биз каби қуруқликнинг марказий қисмида жойлашган минтақалар учунгина хос бўлди. Дунёнинг кўплаб минтақаларида эса 2024 йил декабри ё иссиқ, ё меъёрида келди.

Манба: JRAМанба: JRA

«Сopernicus» иқлим модели ҳам шу каби маълумотни тақдим этган.

Оқибатда Ўзбекистоннинг катта қисмида декабрь совуқроқ кечди. Бироқ, республиканинг асосий қисмини ташкил этувчи чўллар ва шимолий ҳудудлар борасида бундай хулоса қилиб бўлмайди. Бу ҳудудларнинг айрим қисмларида жорий қишнинг биринчи ойи ҳатто илиқроқ ҳам бўлди. Аммо аҳоли кўп истиқомат қиладиган ҳудудларда, айниқса, Фарғона водийси тарафда декабрнинг совуқ бўлиши кўплаб тармоқлар, хусусан, энергетика тармоқлари учун жуда катта юклама келтириб чиқарди.

Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда январда кутилаётган об-ҳаво прогнози

Ўзбекистонда об-ҳаво қандай бўлиши яқин хориж мамлакатлари иқлимига бевосита боғлиқ. Айниқса, йилнинг совуқ даврида шимолий мамлакатлар об-ҳавоси биз учун ҳам қизиқ, ҳам муҳим. Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимлари асосан Россия ва Қозоғистондан кириб келиши инобатга олинса, ушбу икки мамлакатдаги вазият чуқур таҳлил қилиниши керак. Аммо декабрь ойидаги совуқликлар айнан Россиядан эмас, балки бошқа ҳудуддаги атмосфера жараёнларининг минтақамизда совуқ жараёнга айлангани сабаб декабрь учун тайёрланган шарҳнинг оқланиш даражаси камайди.

Шунга қарамай, қишнинг иккинчи ойидаги аномал совуқликлар асосан Россиядан кириб келишини ҳисобга олсак, «Росгидромет»нинг январь ойи учун кутилмасига назар солиш қизиқ бўлади. «Росгидромет» январь ойида Россиянинг марказий текислик ҳудудларида ой давомида ҳарорат сезиларли даражада юқори илиқ, фақат Россиянинг шарқий — Сибир ҳудудларининг катта қисмида совуқ бўлишини прогноз қилган.

Россиялик синоптиклар Ўзбекистон учун ҳам ойлик ҳароратнинг ойлик нормага нисбатан четланишларини ҳисоблаб чиққан бўлиб, Ўзбекистонда январда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ҳамда Навоий вилояти чўлларида иқлимий меъёр даражасида, бошқа ҳудудларда эса меъёрдан бироз паст «совуқ» бўлиши прогноз қилинган. Ёғингарчилик бўйича эса шимолда қуруқ, республиканинг бошқа ҳудудларида меъёрий муҳит бўлиши тахмин қилинган.

Шуни таъкидлаш керакки, «Росгидромет» томонидан аналог усули асосида ҳисобланган йилнинг совуқ даври учун ҳарорат режими прогнозларининг рўёбга чиқиши даражаси сўнгги 15 йилда 63 фоиздан 81 фоизгача ўзгариб турган.

«Қазгидромет» илмий тадқиқот институти ходимларининг 2024−2025 йил қиш мавсуми учун ишлаб чиққан маслаҳатомуз прогнозига кўра, январда Қозоғистоннинг ғарбий қисмида ойлик ҳарорат меъёрдан 1 даражадан юқори, яъни «илиқ», бошқа қисмларида меъёр атрофида бўлиши келтирилган. Ёғингарчилик режими бўйича эса мамлакатнинг ғарбий ҳамда Каспий денгизи атрофидаги вилоятларда кам ёғингарчилик, Орол денгизи атрофидаги ҳамда шимолий вилоятларида меъёрдан кўп ёғингарчилик бўлиши прогноз қилинган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, қозоқ иқлимшунослари мазкур узоқ муддатли мавсумий прогнозни 2024 йил ноябри охирида ишлаб чиққан бўлиб, янги йил бошида январь ойи учун ҳаво ҳароратининг ҳар ўн кунлик даврда турли диапазонларда ўзгариши билан боғлиқ янада аниқроқ прогноз ишлаб чиқади.

Манба: «Қазгидромет»Манба: «Қазгидромет»

«Қирғизгидромет» хизмати томонидан Қирғизистонда январда ойлик ҳарорат иқлимий меъёрдан 1 даража юқори, яъни «илиқ» бўлиши тахмин қилинган. Қирғизистоннинг Фарғона водийсидаги Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида эса ўртача ҳарорат ой давомида −1…−3 даража илиқ бўлиши маълум қилинган.

Манба: Meteo.kgМанба: Meteo.kg

Қирғизистонда декабрда ёғингарчилик режими иқлимий меъёр атрофида бўлиши, Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда ой давомида умумий 3 миллиметрдан 50 миллиметргача ёғингарчилик кузатилиши прогноз қилинган.

Манба: Meteo.kgМанба: Meteo.kg

Ўзбекистонда январь ойида об-ҳаво қандай бўлади?

«Ўзгидромет», халқаро об-ҳаво марказлари, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия об-ҳаво бюро прогнозлари асосида Ўзбекистонда январь ойида ҳаво ҳарорати режими кўплаб ҳудудларда иқлимий меъёр ва айрим ҳудудлардагина иқлимий меъёрдан юқори бўлиши кутилаётганини таъкидлаш мумкин.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига таяниб, январь ойининг биринчи ўн кунлигида республикада ҳаво ҳарорати меъёр атрофида ва баъзи ҳудудларда меъёрдан паст, иккинчи ўн кунлигида меъёр атрофида ва айрим ҳудудларда меъёрдан юқори, учинчи ўн кунликда эса меъёр атрофида бўлишини тахмин қилиш мумкин. Оддий қилиб айтганда, январь ойи Ўзбекистоннинг катта қисмида кўп йиллик иқлимий меъёр атрофидаги ҳарорат фонини беради. Кўп йиллик иқлимий меъёр қиймати эса сўнгги 30 йилликдаги январь ойларида кузатилган ўртача ҳарорат қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Тақсимот картаси Геоинфо жамоаси билан биргаликда тайёрланганТақсимот картаси Геоинфо жамоаси билан биргаликда тайёрланган

Шундай қилиб, ойнинг биринчи ўн кунлиги совуқроқ, иккинчи ўн кунлиги илиқроқ ва учинчи ўн кунлик меъёр атрофидаги ҳароратларни тақдим этади.

Яна бир бор такрорлаш лозимки, январнинг иккинчи декадасида кутилаётган илиқроқ ҳарорат — бу, баҳорий ёки куз бошидаги илиқлик эмас. Кўпчиликда шундай янглиш фикр шаклланган. Аслида январь — нафақат қишнинг, балки бутун йилнинг энг совуқ ойи ва ҳаво ҳарорати азалдан шу ойда бошқа ойларга нисбатан анча паст бўлган.

Ёғингарчилик бўйича кутилмаларда ҳам республика бўйлаб январь давомида ҳудудларга шу ой учун хос меъёрий қийматга яқин ёғин тушиши тахмин қилиняпти. Биринчи ўн кунликда шимолда кўпроқ, тоғларда эса камроқ ёғин бўлиши, иккинчи ўн кунликда водий, Тошкент, Сирдарё вилоятлари ва Орол денгизи атрофида меъёрдан камроқ ёғин тушиши, учинчи ўн кунликда эса шимол, водий, тоғлар, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида кўпроқ ёғингарчилик бўлишини тахмин қилиш мумкин. Юқорида номлари келтирилган ҳудудлардан ташқари бошқа жойларда ҳар бир ўн кунликда меъёрий ёғин тушиши кутиляпти.

Шундай қилиб, январь ойида Ўзбекистода ойнинг биринчи ўн кулигида ёғинлар меъёрий, иккинчи ўн кунлиги қуруқроқ ва учинчи ўн кунликда кўпроқ ёғингарчилик кузатилиши ойдинлашган.

Тоғларда қор қандай?

Январда тоғларимизга бироз камроқ ёғин тушиши кутилаётганидан келиб чиқиб, тоғлардаги қор захираси билан боғлиқ вазият қандай эканини қисқача кўриб чиқсак. Чунки айнан январда тоғларга ёққан қор 2025 йилнинг суғориш даври учун юқори аҳамиятга моликдир.

Бунинг учун Марказий Осиё об-ҳаво бюроларининг тоғларда қор қоплами ҳолатидан келиб чиқиб, дарё ва сойларда мавсумий сув оқимини прогноз қилишдаги энг ишончли усулларидан бири — масофадан қор қопламини мониторинг қилиш бўйича «Modsnow» дастур имкониятларини кўриб чиқамиз.

Бу дастурни Марказий Осиё об-ҳаво бюролари соҳада гидрологик прогнозларни тузишда қўллайди. Дастурдаги кузатув маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январь ҳолатига Амударё, Қорадарё, Норин ва Зарафшон каби дарёларимиз юқори тоғ ҳавзаларида қор захираси кўп йиллик меъёрдан кам, аммо ўтган йилдаги мос даврга нисбатан кўпроқ.

Кўпчиликда 2025 йилда сув билан боғлиқ вазият қандай бўлади, деган саволлар туғилиши табиий. Бунинг учун Тинч океани марказидаги Эль-Ниньо ва Ла-Нинья ҳодисаларининг шаклланиш «табиати»га қараш керак бўлади. Жаҳон метеорологик ташкилоти январь-февраль ойларида Тинч океанида сув ҳароратининг совиши, яъни Ла-Нинья жараёни шаклланишини 55 фоиз аниқликлик билан рўй беришини тахмин қилган. Тинч океани марказида сув ҳароратининг пасайиши билан боғлиқ Ла-Нинья жараёни шаклланишига доир хариталар аллақачондан бери эълон қилиняпти.

Афсуски, 2024 йилда кузатилгани каби Эль-Ниньо ёзларидан сўнг кучга тўладиган Ла-Нинья фонида қиш ва баҳор бошида тоғларимизга кам қор ёғади, оқибатда суғориш даври учун сув кам тўпланади.