АҚШнинг Калифорния штатида ўрмон ёнғинлари оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди, қурбонлар сони янада ошиши мумкин, чунки ёнғин тарқалишда давом этмоқда, деб хабар берди NBC News расмийларга таяниб. Палисейдсдаги ёнғин шарққа томон — Брентвудга тарқалмоқда.
Телеканал маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг икки нафари, яқинлари уларни кетишга уринган бўлса-да, ўз уйларини қутқаришга ҳаракат қилган. Жанубий Калифорнияда 180 мингга яқин одам ўз уйларини тарк этди. Расмийларнинг таъкидлашича, қурбонлар сони номаълум, чунки ёнғинлар кварталларни вайрон қилишда давом этмоқда, деб ёзади NBC News.
Ёнғин Катта Лос-Анжелесдаги 39 минг акр (15 783 гектар) майдонни қамраб олиб, бутун бошли аҳоли пунктлари ва 12 мингдан ортиқ биноларни вайрон қилди.
Камида 13 киши бедарак йўқолган, деди Лос-Анжелес округи шерифи Роберт Луна. Унинг сўзларига кўра, бедарак йўқолганлар ёнғинлар билан боғлиқми ёки йўқ, аниқ эмас.
Лос-Анжелес округи жамоат саломатлиги бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилиб, тутун ва қаттиқ заррачалар бевосита ва узоқ муддатли таҳдидларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом маҳаллий ўт ўчириш гидрантларида сув босимининг пасайиши ва Санта-Инес водийсидаги сув омборидан етказиб бериш имконияти йўқлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан текширув ўтказишга чақирди.
Аввалроқ ўт ўчириш хизматлари ўрмон ёнғинлари пайдо бўлишининг янги версиясини эълон қилганди: Жанубий Калифорнияда Сан-Фернандо водийси яқинидаги ёнғин Edison International коммунал компаниясининг узилган симлари туфайли содир бўлган бўлиши мумкин.
Калифорнияда ўрмон ёнғинлари 7 январдан буён давом этмоқда. Фалокат Лос-Анжелес ҳудудларини, хусусан, Пасифик-Палисейдс, Альтадена, Малибуни қамраб олди. Кейинроқ ёнғин Итон, Ҳерст ва бошқа жойларга ҳам тарқалди. Ёнғинлардан кўрилган зарарнинг баҳоси 135−150 миллиард долларга етди.
АҚШ президенти Жо Байден 8 январь куни Калифорния штатида йирик табиий офат содир бўлганини эълон қилди ҳамда штат ва маҳаллий ҳокимият органларининг ўрмон ёнғинларидан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларига қўшимча равишда федерал ёрдам кўрсатишни буюрди. Ўша куни Байден Жанубий Калифорнияга 400 дан ортиқ федерал ўт ўчирувчилар, 30 дан ортиқ ўт ўчириш вертолёти ва самолётлари, шунингдек, Мудофаа вазирлигининг саккизта C-130 самолёти юборилишини маълум қилди.