Самарқанд вилояти Пахтачи туманида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни кавлаб олиш учун шахтага тушган фуқаролар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳолат 9 январь куни соат 20:00 атрофида туманнинг «Қарнабота» МФЙ ҳудудида содир бўлган.

Гулистон маҳалласида яшовчи 5 киши — Ж.С., Ў.Э., С.Н., Ю.А. ва Э.Б. «Қорақўтон» тоғ конига қарашли, маҳаллий тил билан «Найман чўққи» шахтасига тушган. Сўнгра генератор ва бошқа ускуналар ёрдамида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни ковлаб олаётган вақтида генератордан чиққан ис газидан заҳарланган.

Оқибатда Ж.С. ва Ў.Э. шахта ичи пастки қисмига йиқилиб, шахта девори тошларига урилган ва воқеа жойида вафот этган. Қолган 3 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиш билан 10 январь куни соат 03:30 атрофида туман марказий шифохонасига келтирилган.

Kun.uz ёзишича, фуқаролар фермер хўжалигига қарашли ер майдонидан ноқонуний равишда олтин рудасини қазиб олиш билан шуғулланган. Вафот этганлардан бири 30 ёшда, яна бир 20 ёшда бўлган.

Ҳозирда марҳумларнинг ўлими юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.