Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ўз хавфсизлигидан хавотирланиб, импичмент иши бўйича биринчи расмий суд мажлисида иштирок этмайди. Бу ҳақда унинг адвокати маълум қилди, деб хабар бермоқда Yonhap.
«Коррупцияни тергов қилиш бошқармаси (CIO) ва полиция расмийлари ноқонуний ва яроқсиз ҳибсга олиш ордерларини ғайриқонуний усуллар билан ижро этишга ҳаракат қилмоқда, бу эса шахсий хавфсизлик ва бахтсиз ҳодисалар ҳақида хавотир уйғотмоқда. Президентнинг судга келиши учун шахсий ҳимоя ва хавфсизлик масаласи ҳал қилиниши керак», — деди адвокат Юн Каб-кин.
Конституциявий суд сессияси сешанба кунига белгиланган.
Коррупцияга қарши курашувчи идора Ёлни иккинчи бор жиноий терговда ҳибсга олишга уринмоқчи. 3 январда ҳарбийлар ва қўриқчилар қаршилик кўрсатгани учун президентликдан четлатилган Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордери муваффақиятсиз кечганди. 7 январда Сеул округ суди Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордерини узайтирган.
CIO раҳбари О Дон Ун Юнни ҳибсга олишга муваффақиятсиз уриниши учун узр сўраган ва иккинчи уринишда буйруқни бажаришга ваъда берган. Унинг сўзларига кўра, CIO иккинчи ордерни ижро этишга «пухта тайёргарлик кўради», чунки бу «сўнгги имконият» бўлиши мумкин. Шунингдек, у президентни танқид қилиб, фармонни бажармаслик қонун устуворлигига путур етказишини таъкидлаган.
Президентнинг ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳақидаги қарори Жанубий Кореяни сўнгги ўн йилликлардаги энг катта сиёсий инқирозга олиб кирди ва Осиёдаги тўртинчи йирик иқтисодиётнинг ўсиш кутилмаларига зарба берди, деб ёзади Reuters.
Ўз навбатида, Ёлнинг ташқи сиёсатини олқишлаган ва мамлакат ичидаги сиёсий келишмовчиликларга унчалик аҳамият бермаган иттифоқчилари унинг ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳақидаги қароридан ҳайратда қолган.