Президент Шавкат Мирзиёев 11 январь куни транспорт ва логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Йиғилишда йўналишсиз такси хизматлари масаласи ҳам муҳокама қилинди. Икки йил олдин жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган ҳолда таксичилик қилишига вақтинчалик рухсат берилган эди.
Бунинг натижасида таксичилар сони 6 баробар ошиб, 457 мингга етган. Шу боис энди бу тартиб доимий бўлади.
Таксиларга мижоз топишда қулай ахборот хизматлари бозори шаклланди. Ҳозирда 151 та агрегатор компаниялар иш юритаяпти ва бу яна ўсиб бораяпти, дейилади хабарда.
Шу боис агрегаторлар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг давлат, ҳайдовчи ва йўловчилар олдидаги мажбуриятини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг «Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида»ги қарори билан мазкур тартиб 2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охиригача этиб белгиланганди.
Ҳужжатга мувофиқ, 4 тадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга транспортларда йўловчи ташиш ўзини ўзи банд қилиш деб қаралади ва ушбу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилади. Лицензия варақаси беришда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади.
Ўша вақтда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар лицензия варақасини қаердан ва қай тартибда олишлари борасида маълумот берганди.