Вазирлар Маҳкамасининг 30 декабрь кунги қарори билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланишнинг самарали тизимини жорий этиш мақсадида қабул қилинган.

Низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, сув ресурсларини ҳисобга олган ҳолда алмашлаб экишни ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш;
  • тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, сув ресурсларини ҳисобга олган ҳолда яйлов айланмасини ташкил этиш орқали яйловлардан оқилона фойдаланиш;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш ҳолатини баҳолаш ва унинг натижалари бўйича хулосалар тузиш.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш мониторинги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг ер тузиш ва ердан фойдаланиш бўйича ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 январдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда мониторинг ишларини амалга ошириш, ерларни муҳофаза қилиш ва ер тузиш фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Алмашлаб экиш — маълум бир вақт давомида ер участкасида қишлоқ хўжалиги экинларини илмий асосланган ҳолда алмашлаб экиш.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

  • тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш (тупроқнинг юқори қатламида умумий гумус, ҳаракатчан фосфор ва алмашинувчи калийнинг оптимал даражасини таъминлаш);
  • асосий қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини белгиланган даражада сақлаш ва ошириш;
  • сувдан фойдаланиш манбаларини ҳисобга олган ҳолда алмашлаб экиш;
  • яйлов айланмасини ҳисобга олган ҳолда яйловлардан фойдаланиш;
  • тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш ҳамда ерларни мелиорация қилиш;
  • чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун яйловлардан фойдаланишнинг оптимал меъёрларини таъминлаш ва бошқалар.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда «E-ijara» ахборот тизимида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш ҳолатини баҳолаш ва унинг натижаси бўйича хулосани шакллантиришнинг электрон тизимини яратади.

Ердан фойдаланувчилар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишда умумий фойдаланиш учун чоп этилган илмий-тадқиқот институтларининг илмий асосланган тавсиялари асосида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган алмашлаб экиш режасига мувофиқ алмашлаб экишга риоя қилади.

Ердан фойдаланувчилар яйловлардан фойдаланишда энг кўп йўл қўйиладиган фойдаланиш меъёрининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг мавжудлигини ва унинг белгиланган меъёрдан ошиб кетмаслигини таъминлайди.

Хўжаликнинг ихтисослашуви ва ерни ижарага олиш шартномасига мувофиқ етиштириладиган экинларнинг ротацияси бўйича танланган алмашлаб экиш тизимига боғлиқ ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг тўлиқ вегетацияга мувофиқ даврни ўз ичига олган алмашлаб экиш режаси ердан фойдаланувчилар томонидан ишлаб чиқилади.

Шунингдек, ҳужжат билан яйловлардан оқилона фойдаланиш тартиби ҳам белгиланди. Унга кўра, ердан фойдаланувчилар яйловлардан фойдаланишда энг кўп йўл кўйиладиган фойдаланиш нормасидан ошмаган миқдорда қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари боқилишини таъминлайди.

Энг кўп йўл қўйиладиган фойдаланиш нормасини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари бош сони ва ердан фойдаланувчилар фойдаланишида бўлган яйловларнинг озиқа маҳсулдорлиги тўғрисидаги ахборотлардан фойдаланилади.

Ердан фойдаланувчиларга тегишли бўлган қишлоқ ҳайвонларининг бош сони миқдорини ҳисоблаш учун қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини рўйхатга олиш бўйича маълумотлар базасидан олинган маълумотлар ҳамда ерларни масофадан зондлаш ўтказилган вақтдаги ахборотлар қабул қилинади.