Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаённинг таклифига биноан 13 январь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Абу Даби халқаро аэропортида давлат раҳбарини БАА вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди.
Ташриф дастурига мувофиқ 14 январь куни Шавкат Мирзиёев «Абу Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» халқаро саммитида иштирок этади.
БААнинг етакчи ташкилотлари, компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувлар ҳам режалаштирилган.
15 январь куни олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.