13 январь куни Ўзбекистон Олий судида Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновнинг қуршовидаги етти нафар фуқаронинг шикоятлари тафтиш тартибида кўриб чиқилиши бошланди. Бўлажак йиғилиш ҳақида тунда «Манба/Manba» Телеграм-канали хабар берди (илгари канал ПАга алоқадорлиги хабар қилинганди). Жараён ҳақида расмий хабарлар йўқ эди.
«Газета.uz» мухбири Миролим Исажоновнинг хабар беришича, биринчи йиғилиш жуда қисқа бўлди. Адвокат Даврон Саидов суд залига кириб, журналистларга уларнинг жараёнда иштирок этишини сўраб илтимоснома киритишини айтди. Кўп ўтмай у чиқиб, мажлис 23 январга қолдирилганини маълум қилди.
Даврон Саидов барча етти фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қилади. Унинг сўзларига кўра, ушбу фуқаролар 26 октябрь куни — Тошкент вилояти Қибрай туманида содир этилган Комил Алламжоновга суиқасддан бир кун ўтиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Унинг сўзларига кўра, улар 25 октябрь куни кечқурун Алламжоновнинг ёнида бўлган.
«Кун давомида ушбу етти нафар фуқаро, улар орасида [уч нафар қўриқчи, ҳайдовчи, ошпаз (буюртма бўйича ишлайдиган), хўжалик мудири ва ҳаммомчи (шунингдек, буюртма бўйича)] бўлган, ушбу фуқаролар содир этилган жиноятга муносабатини аниқлаш учун тезкор-тергов гуруҳи аъзолари томонидан жалб қилинган (адвокат бундай вазиятларда табиий деб атаган — таҳр.). Кун бўйи улар бу борада ўз тушунтиришларини беришди. Бироқ, номаълум сабабларга кўра, 26 октябрь куни кечқурун, улар билан барча процедуралар тугагандан сўнг, уйларида бўлганларида, улар яна Қибрай тумани ИИБга чақиртирилган», — деди ҳимоячи.
«Қибрай туман ИИБ уларга майда безорилик содир этганликлари тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекишни таклиф қилган. Ушбу ҳужжатларни имзолаш рад этилгач, Қибрай туман судига олиб кетилган. Уларга адвокат тақдим этилмаган, улар суд томонидан эшитилмаган, судья уларга нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ қўлланилиши ҳақида ўз ҳукмини ўқиб эшиттирди ва агар улар бунга рози бўлмаса, ушбу қамоққа олиш устидан юқори инстанция судига шикоят қилишлари мумкинлиги айтилди», — деди Даврон Саидов.
«3 ноябрь куни уларнинг олдига адвокатлар киритилмагани ва улар суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш имкониятига эга бўлмаганидан сўнг, Комил Исмоилович Алламжонов бу фуқароларни ҳимоя қилиш учун менга мурожаат қилди. Мен маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор билан танишиб чиқдим ва сўров орқали ҳақиқатда шу куни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилмаганига амин бўлдим. Яъни, ушбу фуқаролар Қибрай тумани „Арғин“ кафеси қаршисида бўлиб, у ерда спиртли ичимликлар ичиб, майда безорилик содир этмаган. Участка ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича баённома тузган ва шу тариқа улар маъмурий қамоққа олинган,» — дейди адвокат.
Тафтиш тартибидаги шикоят етти киши жазони ўтаб бўлганидан кейин тайёрланди. Етти фуқаронинг олтитаси судга келган, адвокатнинг тахминига кўра, биттаси хабардор қилинмаган, шунинг учун у ишни кўриб чиқишни 23 январга қолдиришни сўраган.
Даврон Саидовнинг айтишича, у ҳам «маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган ўша участка ходими, яъни органни» ишга жалб қилиш ҳақида илтимоснома берган.
«Умид қиламанки, бу иш прецедент бўлади, чунки ушбу фуқароларни маъмурий қамоққа олиш жараёнида суд-ҳуқуқ тизимимизда мавжуд бўлган кўплаб камчиликлар аниқланди. Хусусан, адвокатларнинг ўз ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш имконияти таъминланмаяпти. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига адвокатурага бағишланган махсус боб киритилди. Конституциямизда ушбу бобнинг мавжудлиги катта ютуқдир. Аммо бу конституциявий нормалар барибир ишлай бошлаши учун вақт етди. Бунинг учун адвокатларнинг ўз ҳимояси остидагилар билан учрашувларига тўсқинлик қилувчи кўплаб қонуности ҳужжатларини бекор қилиш керак», — деди ҳимоячи.
«Адвокатлар ўз ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш имкониятига эга бўлмаган шароитда, биз ушбу ишда кузатган турли хил ўзбошимчалик учун шароит яратилади. Яъни, суд жараёни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган нормаларга зид равишда олиб борилган. Уларни маъмурий қамоқда сақлаш ҳам миллий қонунчиликка, ҳам Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда белгиланган Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига зид эди. Фуқароларимиз одил судлов ҳуқуқидан маҳрум этилди», — деди у.
Журналистлардан бири адвокатлар ҳузурига киришни рад этиш «ташқаридан таъсир» билан боғлиқ бўлиши мумкинми, деб сўради. Даврон Саидов «ҳа» деб жавоб берди. Баённома тузган участка ходими ҳам «буни ўзи қилмаган,» деди у. «Лекин бундай буйруқни ким берганини фақат тергов йўли билан аниқлаш мумкин». Ҳимоя суддан хусусий ажрим чиқариш ва ушбу ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо бериш тўғрисида илтимоснома киритишни режалаштирмоқда.
Бошқа бир журналистнинг уларни ҳибсга олиш пайтида ҳимоя остидагиларга босим бўлганми, деган саволига адвокат шундай жавоб берди: «Агар халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқилса, босим бўлган. Уларни сақлаш шароитлари, уларга муносабат — буларнинг барчаси қийноқ сифатида баҳоланади. Аммо бизнинг амалиётимизда, негадир, бу оддий ҳодиса сифатида баҳоланади ва қийноқ сифатида баҳоланмайди. Бу Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 7-моддаси ва нормаларида ҳам тақиқланган. Бу ерда тақиқланган муносабат мавжуд бўлган».
У ўз амалиётида адвокатлар билан ишлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларига дуч келганми, деган саволга ҳимоячи шундай деди: «Албатта, бундай ҳолатлар жуда тез-тез содир бўлади. Заруратдан келиб чиққан ҳолда тергов ҳимояланиш ҳуқуқини бузади. Яъни, фуқароларнинг жиноятга алоқадорлиги ёки алоқадор эмаслигини аниқлаш зарурати билан асослантириб, адвокатлар билан учрашишга тўсқинлик қилмоқда».
Комил Алламжоновга суиқасд жиноят иши тафсилотлари маълумми, деган саволга Даврон Саидов бу жараёнда иштирок этмаётганини ва бу ҳақда «асосли маълумот» бериш имкониятига эга эмаслигини маълум қилди.