Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш зали ва бош биноси оралиғида жойлашган яшил майдонда мушуклар учун уйчалар пайдо бўлди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Тошкент архитектура-қурилиш университети талабалари ва «Мушуккент» лойиҳаси томонидан лойиҳалаштирилган мушук уйлари бинонинг ташқи кўриниши ва яшил ҳудуд манзарасига жуда мос тушади, дея қайд этди компания.
Уйчалар емирилишга чидамли, ёнмайдиган ва айни пайтда экологик тоза материаллардан йиғилган. Уларда совуқ мавсумда иситиш ва иссиқда шамоллатиш тизимлари ўрнатилган.
«Пойтахт аэропортида доимо мушуклар бўлган. Бизда улар учун уйлар ўрнатиш ғояси анчадан бери бор эди, бироқ аэропортда бир неча йиллардан буён олиб борилаётган қурилиш ишлари туфайли бундай имконият эндигина пайдо бўлди. Уларни аэропорт фаолияти учун ҳам, ҳайвонларнинг ўзлари учун ҳам хавфсиз бўлган жойларга ўрнатдик», — дея изоҳ берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Компаниянинг таъкидлашича, мамлакат ҳақидаги тасаввур аэропортдан бошланади ва мушуклар учун уйчалар нафақат бир компания миқёсида, балки бутун шаҳар ва мамлакатнинг муносабати кўрсаткичидир.